Жаҳон | 07:55 / 13.02.2018
7703
2 дақиқада ўқилади

ЖАРнинг ҳукмрон партияси президентга 48 соат муҳлат берди – ОАВ

Фото: РИА Новости / Михаил Метцель/ТАСС/POOL

Жанубий Африка Республикаси ҳукмрон партияси – Африка миллий конгресси (ANC) мамлакат президенти Жейкоб Зумага истеъфога чиқиш учун 48 соат муҳлат берди, акс ҳолда у лавозимидан четлаштирилади. Бу ҳақда SABC телерадиокомпанияси хабар бермоқда.  

SABC маълумотларига кўра, 12 февралда ANC ижроия қўмитаси Зуманинг келгуси тақдири бўйича қарор чиқариш учун йиғилган.

News24 ахборот порталининг маълум қилишича, ANC етакчиси Сирил Рамафоса Зумага партия қарори ҳақида хабар бериш учун унинг қароргоҳига келган.

Аввалроқ Times Live нашри манбаларга иқтибос келтирган ҳолда, ЖАР президенти кетиши шартларини келишиб олгандан кейин истеъфога чиқишини маълум қилганди. Манбалар маълумотларига кўра, Зума ва Рамафоса келишувга эришган.

Охирги вақт ҳукмрон партия давлат мулки сарфланиши билан боғлиқ можаро сабабли мухолифат томондан босимга учраб келмоқда. 2014 йилдан бери мухолифат Зумадан пулларни давлат ғазнасига қайтариш талабини билдириб келади. Зума барча пул операциялари ортидан ҳукуматнинг махсус хизматлари кузатув олиб борганини таъкидлаган ҳолда айбловларни рад этмоқда.

75 ёшли Зуманинг президентлик ваколатлари 2019 йилда якунланади. У мамлакатни 2009 йилдан бери бошқариб келади. 

Мавзуга оид