Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистоннинг турли вилоятларида Қуръон мусобақалари ўтказилмоқда. Бу тадбирлар аксари оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинмоқда. Аммо бу борада марказий нашрлар жим. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан эълон қилинган мақолада ана шу ҳақда фикр юритилади.

Савобли ишларнинг умри узун, оқибати хайрли бўлади. Айни кунларда маҳалла-гузарларига борамизми, масжид-мадрасаларга кирамизми, ижтимоий тармоқларни кузатамизми, ойнаи жаҳонни томоша қиламизми – барчасида ўлкамизда ўтаётган Қуръон мусобақаси, хушовоз қорилар тиловатлари, хонадонлардаги Каломуллоҳ такрорлари ҳақида сўз юритилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Бу хайрли тадбирдан баҳра олиб қолай деган ихлосмандларнинг саноғи йўқ. Кимдир масжидда эрта тонгдан хизматда, кимдир атрофни супур-сидири билан банд,  яна кимдир “менга қандай юмуш бор?”, дея ҳиммат камарини белига боғлаб турибди. Турли ташкилотлар ходимлари ҳам қўлларини кўксига қўйиб хизматга шай туришибди.

Ҳосили калом, ҳамма савоб умидида, ана шу файзли кунлардан насиба олиб қолиш ниятида югуриб-елмоқда. Чунки бугунга қадар бу каби улуғ иш бўлмаган. Мусобақани ёритишга келган оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам одатдагидек, бир-иккита тасвир олиб, жонсараклик билан иккинчи космик тезликда жўнаб кетмаяпти, балки мусобақа охиригача қатнашиб, дуоларга биз ҳам қўшилиб қолайлик, деб жараённи жонли узатиб беришга ҳаракат  қилмоқда.

Таассуфки, шундай улуғ янгилик, оддий одамларнинг қувончу шодликлари, чин юракдан айтилган дил сўзлари негадир марказий нашрларимизда ёритилмаяпти?

Давлатимиз раҳбари “Оддий одамлар бугунги кунда бўлаётган ўзгаришларни сезиши керак”, деб бот-бот такрорлаётган, Қуръон мусобақасини ўтказиш ҳақида ташаббус кўрсатиб: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак, бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”, деб турган бўлса-да, республикамизда етакчи саналган нашрлар бутун мамлакат бўйлаб, ҳар куни ҳар ҳудудда катта байрам тусида ўтаётган Қуръон мусобақаси ҳақида лом-мим демаётгани ажабланарли. Мусобақалар бир ойдан бери давом этаётган бўлса-да, бу ҳақда бирорта хабар узатмаган нашрлар ҳам бор.

Ҳақиқатнинг юзи ёруғ

Қуръон мусобақасининг шукуҳи қай даражада эканини одамларнинг ҳаво совуқ бўлишига қарамай, тўп-тўп бўлиб келганлари, чилланинг совуғи авжига чиққан кунларида ҳам ташқарида ўтириб мусобақани кузатган юртдошларимиз юз-кўзидан яққол кўриш мумкин. Ана шундай кунлардан мамнун бўлган ҳамюртларимиз кўзларида ёш билан қўлларини дуога кўтариб, яратган Парвардигорга ҳамду санолар айтмоқда. Бу ишга ташаббускор бўлган давлатимиз раҳбари ҳақига дуолар қилмоқда.