Ўзбекистон | 08:52 / 15.02.2018
18447
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон энергиясини Ўзбекистонга етказиб беришда техник қийинчиликлар бор - ОАВ

Фото: news.tj

Тожикистоннинг «Барки Точик» холдинг компанияси раҳбари Мирзо Исмоилзода Тожикистондан Ўзбекистонга электр энергиясини етказиб бериш бўйича техник қийинчилик борлиги ҳақида маълум қилди, дея хабар берди Asia-Plus агентлиги.

Исмоилзоданинг таъкидлашича, мамлакатлар ўртасида имзоланган келишув ёз мавсумида Ўзбекистонга 1,5 миллиард киловатт-соат ҳажмда электр энергияси етказиб беришни назарда тутади. Унинг хабар беришича, «Барки Тожик» ва «Ўзбекэнерго» ўртасида электр энергияси етказиб бериш тўғрисидаги битим ҳали имзоланмаган». Шу билан бирга, у музокаралар давом этиши ва муаммолар техник жиҳатдан мавжудлиги ҳамда ҳозирги пайтда мутахассислар томонидан ҳал қилинаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Тожикистон 1976 йилда қурилиши бошланган Роғун ГЭСнинг биринчи қисмини ишга туширмоқчи. СССР инқирозга учраганидан сўнг электрстанция қурилиши тўхтатилди. Бироқ, 2004 йилда қурилиш ишлари РУСАЛ компанияси, кейин эса Жаҳон банки кўмагида қайта тикланди. Электрстанциянинг лойиҳа қуввати 3,6 ГВт электр энергияни ташкил қилади; станциянинг ўртача йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 17,1 млрд. КВт соатга етиши мумкин.

Шундай қилиб, Тожикистон минтақада электр энергиясининг асосий экспортчиси бўлиши мумкин.

Нашрнинг ёзишича, муаммо шундаки, 2009 йилда Ўзбекистон Марказий Осиёдаги ягона энергетик ҳалқадан чиқиб, Тожикистон ва Туркманистон, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон ўртасидаги электр узатиш линияларини олиб ташлади. Айни пайтда электр узатиш линияларини тиклаш бўйича ишларни амалга ошириш керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бериши ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид