Футболда шахсиятлар жуда кўп. Йил ўтган сайин футболчиларнинг маҳоратлари ошиб бораётгандек тасаввур уйғонса-да, футболда ижодкорлик йўқолиб бораётгандек туюлаверади. Ўз ишининг энг моҳир усталари етиб чиқаётган бўлса ҳам, майдонда мўъжиза яратадиганлар камайиб бораверади. Вальдерама кетди, Кантонани анчадан буён кўрмаймиз, Зидан билан хайрлашдик. Яна бир қаҳрамон борки, у бизни эртакларга ишонтира олган бўлса-да, фаолияти у қадар текис кечмаган. Пастга қулашлар, ҳақоратлар, жароҳатлар, аммо у ҳар сафар ноҳақ равишда жарликка қулатилган эртак қаҳрамонлари сингари кўз ўнгимизда намоён бўлар ва яна ўша ўзиники бўлган чўққини эгалларди.

Мақола учун сарлавҳа ҳақида жуда кўп ўйладим. Чунки мен Баджо ҳақида тўлқинланмасдан ёза олмасдим ва сарлавҳанинг ўзидаёқ ўқувчини ҳаяжонга солишини истагандим. Мен Баджонинг ўйинларини кузатиш бахтига мушарраф бўлганман ва айнан у туфайли Италия футболининг жозибасига, жаҳон чемпионатларининг такрорланмас сеҳрига ошуфта бўлганман. Ўйлаб кўрсам, футбол учун, мухлис учун «Роберто Баджо» номидан-да баландпарвозроқ сарлавҳани топиш мушкул иш экан.

У ҳақида футболнинг вице-қироли Диего Марадона шундай деганди: 
- Мен жуда кўп ҳужумчиларни кўрдим, аммо Баджони такрорлай оладиганларини учратмадим.

Баджо фаолиятини якунлаган «Брешиа» мураббийи Карлетто Маццоне: 
- У Италиянинг энг ижодкор футболчиси бўлиб қолади. У Ҳатто Меацца ёки Бонипертидан ҳам устунроқ эди, Марадона, Пеле кабилар билан бир қаторда тилга олинишга лойиқ футболчи эди. Агар тиззасидаги жароҳати бўлмаганда у дунёнинг энг зўри бўларди.

У ўн олти ёшида тиззасидан қаттиқ жароҳат олганди ва шифокорлар унга футбол ўйнамасликни маслаҳат беришганди. Унинг тиззасидаги оғриқ ўйин пайтида доимо безовта қилар ва бирор восита билан буни қолдиришнинг иложи йўқ эди.

Роберто Баджо 1967 йилда Калдоньо шаҳарчасида, оддий оилада, олтинчи фарзанд бўлиб таваллуд топди. Унинг дастлабки жамоаси худуднинг асосийси «Виченца» бўлди. А серияда эса у ўзининг 19 ёшида «Фиорентина» клубида майдонга тушди. «Сампдория»га қарши кечган дебют учрашувида флоренцияликлар ғалаба қозонишди, аммо учрашувдан кейин ғалаба ҳақида эмас, Баджонинг навбатдаги жароҳати ҳақида мунозаралар бошланиб кетди. Бош мураббий Свен Горан Эрикссон ундан ёрқин келажак кутмаганди ва «Чизена»га сотиб қутилишни ҳам ўйлаганди. Футболчини ҳимоя қиладиганлар топилди ва Баджо ҳеч кимни уялтириб қўймади. Айнан Флоренцияда Баджо порлади, айниқса унинг «Наполи» жамоасига киритган голи барчани карахт аҳволга солиб қўйганди. Деярли рақибнинг ярим футболчиларини алдаб ўтиб дарвозани ишғол қилган Баджо ҳақида тинмай ёза бошладилар. «Марадона жамоасига Марадона усулида гол» – сарлавҳалари Италия газеталарининг муқоваларидан жой олди. У «Фиорентина»да беш мавсум ўйнади ва 94 учрашувда майдонга тушиб, 39та голга муаллифлик қилди.