Таҳририятимизга Жиззах вилояти Зомин тумани марказида жойлашган қадимий «Қўрғонтепа» қалъасини сақлаб қолишни сўраб, тумандаги тарихчилар мурожаат қилишди. Биз Kun.uz журналистлари — съёмка гуруҳи воқеа билан яқиндан танишиш учун Зомин шаҳрига йўл олдик...

Тан олиш керак, бугунги Зомин мутлақо янги қиёфа касб этган. Шаҳар ичидаги йўллар равон, шаҳардаги иморатлар замонавий қиёфада жилоланиб турибди. 

Хатда кўрсатиб ўтилган тепалик шундоққина туман марказий бозорининг ёнгинасида— шаҳар марказида қад кўтарган. Бир вақтлар бутун Осиёда куч-қудрати, иқтисодиёти, салоҳияти билан машҳур бўлган кўҳна Уструшона давлатининг энг кўзга кўринган вилоятларидан саналган Зомин тарихда «Сарсанда», «Сусанда», «Сабза» номлари билан аталганини ҳамма ҳам билмаса керак.

Қадимги Зомин борасида тадқиқот ўтказган археолог олимларга кўра, «Қўрғонтепа» номи билан машҳур бу ёдгорлик эрамиздан аввалги II, эрамизнинг VI–VII ва XII асрларда фаолият кўрсатган кўҳна Зомин шаҳри ўрдаси қолдиғи ҳисобланади. Унинг географик жойлашувлари, моддий-маданияти Уструшонанинг илк ўрта асрлари қишлоқ маконлари қурилиши учун характерлидир. 

Совет тузуми даврида ушбу қўрғон консервация қилинган. Иморатлар ва қалъалар қуёш нури ва ёғингарчиликлар остида емирилмаслиги учун тупроқ билан кўмиб қўйилган — яхши даврлар келгунга қадар, албатта. Яъни, машъум совет даврида бир ҳаракат билан бу қадамий қўрғон қолдиқлари бульдозер билан суриб ташланса ҳам бўлар эди. Лекин нималарнидир ўйлаб ундай қилинмаган.

Қалъа кўмилгач, тепалик устига иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган зоминликлар хотирасига ёдгорлик ўрнатилган. Бу жойда ёдгорлик қурилмасдан аввал ҳам бир томони кўҳна қабристонга туташ жойда каттагина — 1,5 га ҳудудни ўз ичига олган «Қўрғонтепа» 120х130 метр майдонда, баландлиги 8–10 метрга тенг икки ўрамли деворлар билан ўралган тарихий қалъа жойлашган эди. Бунга 1866 йилда суратга олинган тарихий фотосурат далилдир.

Туман ҳокимлигида бўлганимизда туман марказини ободонлаштириш масаласидаги қизғин йиғилиш устидан чиқдик. Туман ҳокими Алишер Абдуғаниев, халқ депутати Эркин Холматов, туман архитектура ва қурилиш бўлими ва бошқа ташкилотлари мутасаддилари билан машварат авжида эди.

Биз келганимиздан муддао нелигини айтдик ва туман ҳокимининг бу борадаги тушунтиришлари билан қизиқдик. Бироқ, у камерага қарата гапиришни истамади. Туман ҳокими ва депутатнинг айтишича, лойиҳа республика юқори доираларида тасдиқланган, қўрғон бузилиб, ўрнида қурилиш ишлари амалга оширилади. Уларнинг иддаосига кўра, тепалик остида қўлга илингулик ҳеч нарса йўқ.