Машинага ўзи истаган давлат рўйхатидан ўтказиш рақамини (кейинги ўринларда – рақам) олиш учун фуқаролар махсус онлайн-аукционда рекорд даражадаги суммаларни сарфлашмоқда. Бундай инвестициялар ҳуқуқий нуқтаи назардан хавфсиз ёки йўқлигига Norma.uz аниқлик киритишга ҳаракат қилди.
Эслатиб ўтамиз, рақамлар турига қараб 3 усулда берилади:
• «содда» («оддий») рақамлар – қатъий тартиб бўйича (рақамларнинг ўсиб бориш тартибига мувофиқ);
• махсус рўйхатга киритилган «чиройли» рақамлар – махсус онлайн-аукцион орқали (бошланғич нархи ЭКИҲнинг 35 дан 130 бараваригача);
• «ўзингга тузиб ол» туридаги рақамлар (яъни «чиройли» рақамлар рўйхатига киритилмаган ҳарф ва рақамларнинг исталган комбинацияси билан) – ДЙҲХХнинг ҳудудий бўлинмаларига ариза бўйича оширилган ставка бўйича тўлов билан (ЭКИҲнинг 150 баравари).
Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 27-бандида ҳар қандай рақам автотранспорт воситаси эгасининг мулки ҳисобланмасдан, улардан қатъиян мақсадли фойдаланилиши учун унга тақдим этилади, деб аниқ ва тушунарли ёзиб қўйилганини инобатга олинг. Яъни, катта пул сарфлаб ҳам ҳеч ким рақамни ўз мол-мулкидек эркин тасарруф қилишга ҳақли эмас.
Бироқ давлат рақам сақланишининг қатор кафолатларни тақдим этган.

Машина сотилганда (ҳадя қилинганда, алмаштирилганда)
Агар автомобиль сотилган бўлса, унинг олдинги ва янги эгаси «чиройли» рақам ёки «ўзингга тузиб ол» туридаги рақам қай бирларида қолишини ҳал этиб олишлари керак бўлади. «Содда» рақамлар машина билан бирга янги эгасига ўтади ёки йўқ қилинади.
«Чиройли» ёки «ўзингга тузиб ол» рақамининг олдинги эгаси устуворликка эга, яъни ДЙҲХХга мазкур рақамни ўзида сақлаб қолиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этиши мумкин. Рақамнинг олдинги эгаси уни бошқа автога ўрнатгунига қадар ДЙҲХХ уни ўзида бепул сақлайди. Аммо рақам 12 ой ичида талаб қилиб олинмаган тақдирда олдинги эгасининг ҳуқуқлари бекор қилинади.
Рақам автонинг олдинги эгаси учун сақланмаган тақдирда унинг янги эгаси рақамни олиши мумкин бўлади. Бунинг учун ҳам ариза топшириш талаб этилади.










