Араб давлатлари лигаси бош котиби Аҳмад Абул Гайт АҚШнинг Исроилдаги элчихонасининг май ойида Ал-Қудсга кўчирилиши қарорини қоралади. Унинг айтишича, бу қарор Яқин Шарқни тинчликка охирги имкониятдан маҳрум этиши мумкин.
АҚШ маъмурияти элчихона очилишини Исроил ташкил этилганининг 70 йиллигига бағишлашга қарор қилди. Ушбу кун 2018 йил 14 май кунига тўғри келади. Бироқ фаластинликлар ва кўплаб исроиллик араблар учун бу кун Нақба – миллий фалокатдан бир кун олдинги кун ҳисобланади. Нақба куни 15 май куни нишонланади. Бу кун фаластинликлар 1948 йил воқеаларини эслашади. Ўшанда 100 минглаб маҳаллий аҳоли ўз уйларидан айрилиб, ўнлаб йилларга қочқинларга айланишган.
“АҚШнинг бу қарори ўтган йил декабридан давом этаётган иғволар ва хато ҳаракатлар занжирида яна бир бўғиндир. Бу қарор фаластинликлар ва исроилликларнинг тинч-тотув яшашига охирги умидни йўқ қилиши мумкин”, деб айтган Абул Гайт.
Унинг айтишича, АҚШ Яқин Шарқ тинчлик жараёнида воситачи сифатидаги обрўсини йўқотмоқда.
“АҚШнинг Нақба куни элчихонасини кўчириш қарори Исроил фойдасига нохолис муносабатда эканлигини ҳамда 70 йилдан бери давом этаётган ҳудудий ихтилоф тарихи ва моҳиятига мақбул баҳо йўқлигини исботлайди”, деб айтилган баёнотда.
















