Спорт | 12:10 / 25.02.2018
26508
2 дақиқада ўқилади

Россия ўз тарихида биринчи марта ҳоккейда олимпиада чемпиони бўлди

Жанубий Кореянинг Пёнгчанг шаҳрида давом этаётган Қишки олимпиада ўйинларининг ҳоккей мусобақаси ниҳоясига етди.

Финалда Россиялик олимпиячи атлетлар жамоаси Германия терма жамоасига қарши баҳс олиб борди. Драматик руҳда кечган финалда руслар аввалига икки марта ҳисобда олдинга чиқиб олган бўлса, учинчи давра сўнгида 2:3 ҳисобида ортда боришаётганди. Шундоқ ҳам бир киши кам бўлиб ўйнаётган жамоа ўйин тугашига 55 сония вақт қолганида ҳисобни тенглаштирди.

Овертаймда эса Россия тўлиқ устунликни қўлга олди «4+4» кўринишида давом эттирилган ўйинда немислар вакили клюшкаси билан россиялик ҳоккейчининг юзига зарба бериб юборгани учун икки дақиқага четлатилди. Уч киши қолган Германия эса ҳимояда узоқ вақт дош бера олмади. Капризов томонидан киритилган олтин шайба жамоага ғалаба келтирди.

Натижада Россия термаси ўз тарихида биринчи марта Қишки олимпиадаларда олтин медални қўлга киритди. Сўнгги марта Альбервилда 1992 йилда МДҲ давлатларидан иборат терма жамоа олтин медални қўлга киритганди. 1998 йили Наганодаги ўйинларда россияликлар кумуш медаллар билан тақдирланган, 2002 йили Солт-Лейк-Ситида ўтказилган қишки олимпиадада руслар беларусларни учинчи ўрин учун кечган баҳсда 7:2 ҳисобида енгган.

Германия кумуш медаль, учинчи ўрин учун баҳсда Чехияни енгган Канада бронза медал билан тақдирланади.

Мавзуга оид