00:25 / 27.02.2018
11696

Путин номидан сайловолди дебатларида кимлар иштирок этиши маълум қилинди

Фото: РИА "Новости"

Россияда президент сайловлари арафасида ўтказиладиган дебатларда Владимир Путин номидан унинг штаби ҳамраислари ва бир неча ўнлаб ишончли шахслари иштирок этади. Бу ҳақда штаб матбуот котиби Андрей Кондрашов маълум қилди.     

“Дебатларда, биринчидан, штабнинг барча уч ҳамраиси ва иккинчидан, бир неча ўнлаб ишончли шахслар иштирок этадилар”, деб айтган Кондрашов.

Путиннинг сайловолди штабига “Сириус” истеъдодли болалар маркази раҳбари Елена Шмелева, Дима Рогачев номидаги тиббиёт маркази раҳбари, Болалар гематолог ва онкологлари миллий жамияти президенти Александр Румянцев ва “КамАз” компанияси бош директори Сергей Когогин ҳамраислик қилмоқдалар. 

Президент сайловлари 18 март куни бўлиб ўтади. Президент лавозимига 8 киши даъвогарлик қилмоқда: Сергей Бабурин ("Россия умумхалқ иттифоқи"), Павел Грудинин (Россия коммунистик партияси), Владимир Жириновский (Россия либерал-демократик партияси), Владимир Путин (мустақил номзод), Ксения Собчак ("Фуқаролик ташаббуси"), Максим Сурайкин ("Россия коммунистлари "), Борис Титов (Ўсиш партияси), Григорий Явлинский ("Яблоко"). Номзодлар сайлов бюллетенида фамилиялари бўйича айнан шундай алифбо тартибида жойлаштириладилар.

Top