Хитойнинг Tencent ва Alibaba интернет-компаниялари онлайндан реал дунёга чиқиб, дўконлардаги харидорлар учун рақобатли курашни давом эттирмоқда. 

WeChat тезкор хабарлар алмашиш оператори эгаси сифатида танилган Tencent компанияси яқинда Alibaba электрон коммерция гиганти тутган йўлни тутиб, айланмаси 4,9 триллион долларни ташкил қилувчи Хитой чакана савдо секторига ўтди. 

Кийим-кечак ёки озиқ-овқат маҳсулотлари сотуви ижтимоий тармоқлар ва видеоўйинлардан иборат асосий бизнесига бевосита боғлиқ бўлмаса-да, компания бунда кўп афзалликларни кўрмоқда: қисқа истиқболда чакана савдо корхоналари билан ҳамкорлик истеъмолчилар ҳақида кўпроқ маълумот олиш ва Ten Pay рақамли ҳамёнидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш имконини беради. 

Фото: Reuters

Tencent келгусида, масалан, ўзининг сунъий интеллект соҳасидаги илғор тадқиқотлари маҳсулотларини реал дўконларга жойлаши мумкин, зеро Хитой чакана савдо технологиялари учун улкан синов лабороториясига айланмоқда. 

Супермаркетлар жанги

Шу тариқа компания шерикларни жалб қилиш борасида Alibaba билан кучли рақобатга киришмоқда. Яқинда Tencent 5,4 миллиард доллар эвазига миллиардер Ван Цзяньлин томонидан асос солинган савдо марказларининг эгаси ва энг йирик девелопердан бири Wanda Commercial'нинг 14 фоиз акциясини харид қилишга доир битимни амалга ошираётгани ҳақида маълум қилди. Шу билан бирга, Tencent, Yonghui супермаркетлар тармоғи улушига эга бўлиб, Carrefour'нинг Хитойдаги бўлими ҳамда Heilan эркаклар кийим-кечаги дўконига сармоя киритишни режалаштирмоқда. Яна бир иттифоқдошларидан бири JD.com бўлиб, у январь ойида ретейлернинг янги концепциясини (ақлли логистика ва автоном дўкон аравачалари) намоён этиб, ўзининг илк 7fresh супермаркетини очди.

Alibaba, ўз навбатида, жорий йилда ўнлаб янги Hema Xiansheng супермаркетларини очиш режалари ҳақида эълон қилди. Компания 2,9 миллиард долларлик Sun Art Retail Group маҳсулотлар тармоғи акциялари, Lianhua супермаркетларининг 18 фоиз акциясига эга. Шунингдек компания 2017 йилда 2,6 миллиард долларга ҳашаматли Intime савдо маркази акцияларининг назорат пакетини сотиб олиш режалари ҳақида маълум қилди. Бундай ёндашув компаниянинг операцион даромад ўсишини тўхтатиб қўйди - октябрь-декабрь ойида компания даромади таҳлилчилар баҳоларидан ошиб кетган (12,8 миллиард доллар) бўлса-да, операцион даромад ўсиш кўрсаткичлари 31 фоизгача қисқарган.