Куни-кеча Навоийда бўлиб ўтган йиғилишда тўй-маросимлар масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. 

«Бош вазирдан бошлаб ҳокимгача, ижро органи раҳбарига тўй-маросимларга бориши ман этилади. Чойхоналарнинг ёнида давлат машинаси турганини кўрган куним ишдан олиб ташлайман, жиноий жавобгарликка тортаман. Тўй энг кўпи 150 кишига, ош 200 кишига бўлади. Бирорта раҳбар уйида туғилган кунини ҳам, тўйини ҳам мендан бошлаб нишонламайди. 

Бўлди, у замонлар тугади энди, одамларнинг ғашини келтиряпмиз, лаънатини келтиряпмиз. Маросим ҳам, тўй ҳам раҳбарларсиз бўлади. Бош вазир боради ғўддайиб, ҳамма муовини билан, ҳамма туради... Сен ўша қилган 20 килограмм гўштингни пулига битта камбағалнинг уйига бориб краска қилиб бер, телевизор олиб бер, ноинсоф. 

Қарор чиқади, қарор! Президент қарори эмас, сенатнинг қарори чиқади. Қани бирортанг ғинг деб кўр. У тўйга бориш энди ман этилади. Мен ўзим юрагимдан билган ҳолда шуни айтяпман. У ҳаммаси хиёнат бизнинг халқимизга, иккинчидан, тўй қилишнинг меъёрини ҳам ёзиб берамиз. 

Тошкентда тўрт қизи бор одам ўзини осиши керак, тўй қилиш учун. Оддий одам, оилали, бюджетдан ойлик оладиган одам ўзини осиши керак! Тўртта қизини эрга бериш учун ўзини осса тўғри бўлади. Нимага?! Ҳеч қандай имконияти йўқ, барибир бечора қарз олади, ўзига қарамайди, дўхтирга бормайди, фақат шу тўйга йиғади. Кимга керак бу тўй? Бўлди, биз олдин ташвиқот қилиб кўрдик, бўлмади бу ташвиқот. Хиёнат қиляпмиз халқимизга, тўйларни агар жойига қўйсак, коррупция бўлмайди, адолат пайдо бўлади. Ҳамма бир хил тўй қилади. Агар бирорта раҳбар, прокурорми, ҳокимми, солиқчими, чегарачими, шу меъёрдан чиқса, ўша куни кўрасизлар, қамайман ҳаммани» - деди президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Бу гаплар кўпчиликни мулоҳазага ундагани, ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга йўл очгани табиий. Одамларнинг яшашини қийинлаштирадиган ҳар қандай урфларнинг йўқолишини қувватлаган ҳолда, бир жиҳатга эътибор қаратмоқчиман.

Баъзилар бу сўзларда ҳам эркинликни чеклашга доир ҳаракатларни кўришди. Мисол учун, пули бор, имконияти бор одамга катта тўй қилиш ва кўпчиликни меҳмонга чақиришни нега чеклаш керак? Пул топган одам ўша пулларни истаганича сарфлаш ҳуқуқига эга эмасми?

Йўқ. Эътибор берган бўлсангиз, президент маърузасида вазир, прокурор, солиқчи ёки чегарачи деб айнан коррупция хавфи бўлган давлат идораларини тилга олди. Маърузанинг жуда муҳим нуқтаси, яъни, кейинчалик, ҳуқуқий тизимни яратишда пойдевор бўладиган жиҳати айнан мана шу ерда яширинган. Яъни бу ерда иккита алоҳида мавзу бор.