Мазкур ишлар президентнинг Сергели туманига ташрифи давомида берилган топшириқ асосида амалга оширилган.
Салар иншооти Тошкент шаҳрининг 7 та туманидан келадиган оқова сувларни қабул қилиб, тозалайди. Иншоотнинг суткалик қуввати 900 минг куб метрни ташкил этади.
Иншоот атрофидаги нохуш ҳидни камайтириш учун 9,5 млрд сўмлик замонавий филтр ускунаси ўрнатилган.
Шунингдек, оқова сув ҳовузлари герметик тарзда ёпилган. Улардан чиқаётган ҳидли ҳаво янги филтр тизими орқали ўтказилиб, тозаланади ва зарарсизлантирилади.
Маълумотга кўра, янги ускуна 15 кундан ортиқ вақтдан бери ишлаб келмоқда. Кўрилган чоралар натижасида Салар иншооти атрофидаги нохуш ҳидлар йўқолгани билдирилди.
Яқин ҳудудларда яшовчи аҳоли ҳам нохуш ҳид сезиларли даражада бартараф этилганини тасдиқлагани қайд этилди.















