Таҳририятимизга Юнусобод тумани, “Биллур” МФЙ, 4-мавзе, 34-уй, 46-хонадонда яшаб келган оила бошлиғи мурожаат қилди. Тўлқин Ҳасанов 2017 йилнинг 12 декабрь, қишнинг қаҳратон совуқ кунида оиласи билан истиқомат қилиб келаётган хонадондан кўчишга мажбур булганини таъкидлади ҳамда ушбу муаммони жамоатчилик эътиборига ҳавола қилишни сўради. 

Т.Ҳасановнинг сўзларига кўра, у мазкур хонадонда 1996 йилдан бери истиқомат қилиб келади. Буни ушбу уйда яшовчи қўшнилар, уй бошлиғи, “Биллур” МФЙ раиси А.Раҳматов томонидан имзоланган маълумотномалар ҳам тасдиқлайди. Унинг 2 нафар фарзанди шу мавзедаги 302-мактабда аъло баҳоларга таҳсил олиб келмоқда. Бир фарзанди “логоневроз” ташхиси билан яқин орадаги мактабгача таълим муассасасига қатнайди. 

Муаммо бўйича изоҳ сўраб маҳалла раиси Аҳатилла Раҳматов ва Т.Ҳасанов яшаб келган уй бошлиғи Ёқутхон Қаюмхўжаева билан ҳам учрашдик. 

Фото: маҳалла раиси Аҳатилла Раҳматов/Kun.uz

Т. Ҳасанов мазкур хонадонда 1996 йилдан буён эътирозсиз яшаб келаётгани ҳамда ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб келаётгани боис, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 187-моддасига мувофиқ қонунан мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи вужудга келган. Фуқаролик кодексининг 187-моддасида шундай дейилади:

“Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат
Мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади (эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат)”. 

Айтиш мумкинки, Тўлқин Ҳасанов юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда хонадонни хусусийлаштириш ҳуқуқига аллақачон эга бўлган. 21 йил мобайнида ушбу квартира бўйича барча коммунал тўловларни ўз вақтида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз тўлаб келган. Шу давр ичида ҳеч ким “сен ва оиланг бу ерда ноқонуний яшаяпсан” демаган. 

Ҳукумат қарори билан барча тураржойлар инвентаризациядан ўтказилиши муносабати билан 2016 йил охирида ушбу уйга эгалик ҳуқуқи кадастр бўлимида рўйхатдан ўтказилмагани аниқ бўлгач, Юнусобод тумани уй-жойдан фойдаланиш бўлими эгасиз деб топилган уйлар ва квартиралар рўйхатига сўз кетаётган квартирани ҳам қўшиб юборган. Буни ҳокимлик уй-жой бўлимида ишлаб кетган, эгасиз деб топилган уй ва квартиралар рўйхатини тузган собиқ мулозим (унинг исм-шарифи, қайси лавозимда ишлагани KUN.UZ’га маълум) тасдиқлади.