Ўзбекистонда пенсиянинг қандай тизимлари мавжуд?

Бугунги кунда Ўзбекистонда уч даражали пенсия тизими мавжуд. Биринчи даража — давлат пенсияси бўлиб, уни Пенсия жамғармаси амалга оширади. Иккинчи ва учинчи даражалар эса жамғариб бориладиган ҳамда хусусий ёки корпоратив пенсия механизмларини назарда тутади. Ҳозирда жамғариб бориладиган тизим Халқ банки орқали амалга оширилмоқда.

Давлат пенсияси ва жамғариб бориладиган пенсия тизимини алоҳида кўриш керак. Улар бир-биридан мустақил тизимлар ҳисобланади.

“Давлат пенсиясида фуқаронинг пенсия ҳуқуқи иш берувчи томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ ҳисобидан шаклланади. Жамғариб бориладиган тизимда эса фуқаро ўз маблағи ҳисобидан жамғаради ва шу орқали келгусидаги пенсия ҳуқуқини шакллантиради”– деди Сардор Файзуллаев. 

Жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига киритилган маблағ фуқаронинг мулки ҳисобланади. У келгусида мерос қилиб қолдирилиши ҳам мумкин.

Кам даромадли фуқароларга давлат қўшимча маблағ беради

Янги лойиҳада аҳолининг кам даромадли қисмини ихтиёрий равишда пенсия учун жамғаришга рағбатлантириш механизми таклиф қилинмоқда. Хориж амалиётида бу мmatching contribution деб аталади — фуқаро жамғарган маблағининг маълум қисми давлат томонидан ҳам қўшиб берилади.

Масалан, фуқаро ойига 1,5 млн сўм иш ҳақи олса ва унинг 5 фоизини жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказса, бу 75 минг сўмни ташкил қилади. Таклиф этилаётган механизмга кўра, давлат ушбу сумманинг 50 фоизи — 37,5 минг сўмни қўшиб беради.

Шунда фуқаронинг ҳисобварағига бир ойда жами 112,5 минг сўм тушади.

“Асосий мақсад — кам даромадли фуқароларни жамғаришга рағбатлантириш” – деди жамғарма масъули. 

Жамғарма узоқ муддат давомида сақланса, инвестиция даромади ва мураккаб фоиз механизми ҳисобига унинг миқдори ошиб бориши кўзда тутилмоқда.

Жамғарилган пулни исталган вақтда ечиб олиш мумкинми?

Жамғариб бориладиган пенсия маблағи фуқаронинг мулки бўлса-да, уни исталган вақтда ва исталган мақсадда ечиб олиш имконияти берилиши режалаштирилмаган.

Лойиҳада ҳозирча маблағни муддатидан олдин олишнинг айрим ҳолатлари назарда тутилмоқда. Жумладан, фуқаро ипотека кредити бўйича бошланғич бадални тўлаш учун ёки катта харажат талаб қиладиган оғир касаллик ва операция ҳолатларида жамғармасидан фойдаланиши мумкин.