Президент Шавкат Мирзиёев транспорт-логистика соҳасидаги йирик лойиҳаларнинг бориши юзасидан тақдимот билан танишди.

Халқаро йўлаклардан самарали фойдаланиш учун Ўзбекистондаги логистика марказлари тармоғини ҳам кенгайтириш зарурлиги билдирилди.

Хонобод ва Ангрен шаҳарлари, Янгийўл, Оҳангарон, Олот ва Термиз туманларини транспорт-логистикага ихтисослаштириш бўйича берилган топшириқлар ижроси юзасидан ахборот берилди. Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида жами 17 та логистика маркази ва терминал лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Уларни жойлаштириш, инвесторларни жалб қилиш, молиялаштириш ва зарур инфратузилма билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Тақдимотда юк ташувларини рақамлаштириш ва соҳада яширин иқтисодиётни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Юк ташиш соҳасида кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши ҳали ҳам 42 фоиздан юқори экани кўрсатиб ўтилди. Маҳаллий юк транспортларининг ягона реестри, электрон буюртмаларни шакллантириш ва барча транспорт хизматларини бирлаштирувчи электрон тизим мавжуд эмаслиги бу борадаги асосий муаммолардан ҳисобланади.

Шу боис, ягона рақамли транспорт тизимини яратиш, ташувчилар реестрини шакллантириш, электрон йўл варақаси ва буюртмаларни қабул қилувчи агрегатор хизматини жорий этиш таклиф қилинди. Халқаро ташувларда электрон рухсатномалар алмашинувини кенгайтириш ва юк ҳаракатини реал вақтда кузатиш имкониятларини йўлга қўйиш чоралари ҳам кўриб чиқилди.

Бу орқали ташувчилар учун қулайлик яратиш, норасмий хизматларни қонуний фаолиятга ўтказиш ва соҳада шаффофликни ошириш кўзда тутилган.

Давлат раҳбари тақдим этилган лойиҳаларнинг муддатлари, молиялаштириш манбалари ва кутилаётган натижаларини аниқ белгилаб, уларни ўзаро уйғун ҳолда амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли топшириқлар берилди.