Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг куни-кеча қабул қилинган қарорига мувофиқ, Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали ташкил этилди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.

Фото: UZA

Айтиш жоизки, бугунги кунда ҳудудларда тиббий кадрлар етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар тиббий хизмат сифатига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилоятидаги даволаш-профилактика муассасаларида ҳам 2000 нафарга яқин шифокорга эҳтиёж бор. Айниқса, вилоятдаги ҚВПлар ва қишлоқ оилавий поликлиникаларини умумий амалиёт шифокорлари билан таъминлаш даражаси 50 фоизга ҳам етмайди. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан учрашувларда, жумладан, жорий йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида вилоят фаоллари билан учрашиб, бошқа соҳалар билан бир қаторда соғлиқни сақлаш тизимида мавжуд бундай муаммоларни бартараф этиш, кадрларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берган эди. Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали ташкил этилиши бу муаммо ечими йўлида муҳим қадам бўлди.

Олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат қабул комиссиясининг 2018 йил 23 январдаги 12-сонли баённомаси асосида Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиалига жорий ўқув йили учун 300 нафар сурхондарёлик ёшлар туманлар кесимидаги шифокорларга бўлган эҳтиёжларни қоплаш мақсадида ажратилган квоталар асосида қабул қилинди. Қувонарлиси шундаки, ушбу талабалар бугунги кунда аниқ мақсади ва иш жойига эга. Чунки, ҳар бир талаба вилоят хокимлиги билан келишган ҳолда қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктларида ишлаш учун шартнома имзолаган.

Таъкидлаш лозимки, Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали энг сўнгги замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, тиббиётга оид барча асбоб-ускуналар — фантом ва муляжлар, лаборатория анжомлари билан жиҳозланган. Олий таълим даргоҳида тиббиётга оид адабиётлар билан тўлиқ таъминланган ахборот ресурс маркази, турар жой ва ётоқхоналар, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун замонавий ёпиқ спорт иншоотлари барпо этилган.