Ўзбекистонда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни кенг нишонланмоқда. Ушбу айём муносабати билан Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ»да тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, мамлакатимиз хотин-қизларини байрам билан табриклади. Президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқини келтирган.

Ассалому алайкум, муҳтарама опа-сингиллар!

Ҳурматли дўстлар!

Ҳаммамиз орзиқиб кутган мана шу гўзал баҳор кунларида,
8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида сиз, азизлар билан учрашиб турганимдан ғоят мамнунман. 

Аввало, сизларни, сизларнинг тимсолингизда барча онахонларимиз, опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни ана шу байрам билан чин қалбимдан муборакбод этиб, ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни билдиришга ижозат бергайсиз. 

Бу қутлуғ айёмда ҳурматли аёлларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, биринчи навбатда муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламиз.

Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидоийлиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади. Шу боис ҳам дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар аёллар шаънига бағишлангандир.

Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир.

Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон деб аталган жонажон Ватанимизда ҳар қайси мард йигит аввало меҳрибон онаси, оиласи, фарзандлари бахтли бўлишини албатта истайди, ҳазрат Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, бу йўлда ўзининг бутун борлиғини бағишлашга тайёр туради.

Бугунги байрамни биз – Ўзбекистон ўғлонлари, марди майдонлари аввало, дилимизда, қалбимизда сизларга бўлган меҳр ва муҳаббатимизни яна бир бор изҳор этиш имконини берадиган айём, деб қабул қиламиз.

Азиз ва муҳтарама опа-сингиллар!