Ўзбекистон | 10:30 / 09.03.2018
10324
2 дақиқада ўқилади

Душанбе ва Тошкент бугун 140 млн долларлик битимлар имзолайди

Фото: Sputnik

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи якунлари бўйича Душанбеда 27 та икки томонлама битим имзоланиши режалаштирилган.

Улардан энг муҳими икки мамлакат фуқароларининг Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудида бир ойгача бўлган муддатда визасиз бўлиши тўғрисидаги келишувдир, деб хабар берди «АП» Тожикистон ҳукуматидаги манбага асосан.

Томонлар икки давлат чегарасини демаркация ва делимитация қилиш тўғрисидаги битимни имзолайдилар, бу эса давлат чегарасининг баҳсли участкалари тўғрисидаги масалага якун ясайди, дея хабар қилишган Тожикистон ҳукуматидан.

Шунингдек, Ўзбекистон томонидан 100 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит тақдим этиш тўғрисидаги ҳужжат имзоланиши ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади. Бу икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантиришга йўналтирилади.

Транспорт, коммуникациялар, Тожикистон ҳудудларида бир мактаб ва касалхона қурилишининг Ўзбекистон томонидан молиялаштирилишига оид шартномалар имзоланиши кутилмоқда.

Бугун Душанбе шаҳрида икки мамлакат президенти иштирокида ўзбек товарлари кўргазмаси очилади. 8 март куни Душанбеда Тожикистон ва Ўзбекистон ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди, унда тожик ҳамда ўзбек бизнеси етакчи вакиллари иштирок этди.

Душанбеда бўлиб ўтган бизнес-форум ва Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси якунига кўра, 140 миллион доллардан ортиқ шартнома имзоланиши кутилмоқда, деб таъкидлаб ўтишган «АП» Тожикистон ҳукуматидан.

«Бу миқдор бугун Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёев ўртасидаги музокаралардан сўнг ошиши мумкин», - дейди манба. 

Мавзуга оид