Фитнанинг улкан гуноҳ эканлиги, бу орқали кўплаб мусибатлар келиши ҳақида олимлар томонидан кўп гапирилган, бу ҳақда мақолалар, асарлар ёзилган. Одамнинг Аллоҳ қаҳрига учраб, жаннатдан қувилишига ҳам шайтон томонидан қилинган фитна сабаб бўлди. Фитна шундай балоки, унинг асоси, унинг аниқ далиллари бўлмайди. Барча гаплар, воқеликлар нотўғри талқин этилади, нотўғри асосга тақалади. Фитна балоси нафақат бир оилани, балки бутун жамиятни, давлатни хонавайрон қилувчи кучга эга. Расулуллоҳ (с.а.в)дан келган бир ҳадисда шундай дейилади: “Фитна ухлаб ётувчидир, уни уйғотганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган “Мирзо Юсуф” жоме масжиди имом хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизий томонидан бундан бир неча кун муқаддам “Оилада аёлнинг вазифаси” мавзусида жума мавъизаси бўлган эди. Унда мўминнинг оиласига, аёлига ҳатто хаёлан ҳам хиёнат қилиши мумкин эмаслиги, хаёлан ҳам зино ҳақда ўйлаши гуноҳ эканлиги борасида сўз боради. Ушбу ҳолатлар турли мисоллар орқали келтириб ўтилади. Аммо хориждаги айрим оммавий ахборот воситалари бу амри-маъруфга нисбатан ўз фикрларини билдириб, мақола эълон қилиб, нотўғри талқин этганлари маълум бўлди. Бунинг оқибатида ўзбек интернет фойдаланувчилари орасида бу ҳолат кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ўртада фитна чиқди. Хўш, аслида нима бўлган эди? Бу ҳолатга Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ўз муносабатини билдириб, ушбу воқеликларни кескин танқидга олиб, аниқ далил ва гапларга асосланган раддия эълон қилди. Қуйида ана шу раддия мазмуни билан танишишингиз мумкин.


Бу баёнотни беришга мажбур бўлдик. Бермасак бўлмайди, чунки ўтган жумада айтган гапларимиздан бери интернетдаги ижтимоий тармоқларда бу мавзу қайнаяпти. Бу гаплар тўғри айтилган эди, тўғри гаплар эди, у ерда муҳаббатнинг софлиги ҳақида, турмуш ўртоғига ҳатто хаёлда ҳам хиёнат қилиш мумкин эмаслиги ҳақида айтилган эди. “Мўмин-мусулмон одам жисмоний хиёнат у ёқда турсин, ҳатто хаёлда ҳам хиёнат қилмайди”, деган маънодаги гап эди. 

Бу гапни давом эттиришдан аввал мен сизларга шонли тарихимиздан бир лавҳани кўз олдингизга келтириб қўймоқчиман. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қўшин билан ғазотдан қайтаётган эдилар. Қўшин йўлда кетаётиб, бирон жойда тўхтаб, тунаб қолса, эртаси куни қўшин жўнаб кетгач, ўша ерда қолиб кетган нарсаларни йиғиштириб кетишга бир одам масъул бўларди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Қўшин бир жойда тунади. Одатда Пайғамбар алайҳиссалом сафарга жўнашдан олдин аёллари ўртасида қуръа ташлаб, кимга тушса, ўша онамиз у зотга ҳамроҳ бўлардилар. Бу сафарда қуръа Оиша онамизга тушган эди. У пайтларда бугунги кундагидек таҳоратхоналар бўлмаган, шунинг учун аёллар узоқроқ жойга чиқишарди. Оиша онамиз ўзларига ҳамроҳ аёллар билан кечаси халога чиқиб келсалар, тақинчоқлари тушиб қолибди. Қайтиб бориб, ўша тақинчоқни излабдилар. Излаб-излаб, топа олмай, қайтиб келсалар, қўшин жўнаб кетибди. У пайтда аёллар туянинг устига ўрнатилган тахтиравон – ҳавдажда юришарди. Карвон тўхтаганда ҳавдажни ерга олиб қўйишар, йўлга отланганда яна туяга ортишар эди. Оиша онамизнининг жуссалари кичик бўлгани учун, ҳавдажларини кўтарган саҳобалар унинг бўшлигини сезишмабди. Ичкарида ўтирибдилар деб ўйлаб, ҳавдажни кўтариб, туяга ўрнатиб, жўнаб кетаверишибди. Оиша онамиз ёлғиз қолиб кетибдилар ва «Менинг йўқлигимни билишса, қайтиб келиб излаб юришмасин» деб, карвон тўхтаган жойда қимирламай ўтириб, кутибдилар. Ўша пайтда карвондан қолиб кетган нарсаларни йиғиштириб юришга масъул бўлган саҳоба келиб, Оиша онамизни кўриб қолибдилар. «Субҳаналлоҳ» дебдилар, нима бўлганини дарҳол тушунибдилар. Индамасдан, туяни олиб келиб, Оиша онамизнинг ёнларига чўктирибдилар. У кишини туяга миндириб, ўзлари етаклаб, карвоннинг ортидан Мадинага кириб бордилар.