Технология | 08:19 / 13.03.2018
7319
3 дақиқада ўқилади

Америкалик физиклар магнит компьютерни яратиш учун биринчи қадамни қўйдилар

Фото: Fotolia / kamilsezai

Америкалик физиклар органик бирикмалардан ноодатий магнит материалини яратишди, у маълумотни электронлар ёрдамида эмас, балки магнонлар – магнитли “тўлқинлар” ёрдамида узатиш имконини беради. Бу ҳақда Nature Materials журналида эълон қилинган мақолада айтилади.

"Энди бизда маълумотни магнонлардан фойдаланган ҳолда узатиш имкони пайдо бўлди. Бундай ҳолатда магноника электрониканинг бутунлай аналоги сифатида ишлайди – яъни, энди бизда ўзига хос магнит симлар тўплами бор, ҳамда агарда биз уларнинг асосида рақамли мантиқни ярата олсак, улар янги турдаги компьютерлар асосига айланади", - дея маълум қилди Солт-Лейк-Ситидаги Юта университетида ишловчи Кристоф Бём.

Сўнгги ўн йил давомида физиклар электронлар ва атомларнинг квант хусусиятларини фаол ўрганишмоқда ҳамда уларни электрон қурилмаларни яратишга мослаштириш устида ишлашмоқда. Оддий микроэлектроникада маълумот электр заряди ёрдамида узатилади. Спинтроникада эса маълумот электрон спини – зарра айланган йўналишда берилади.

Бундай ҳисоблаш қурилмаларини яратиш учун асосий тўсиқ – электронлар спини ва бошқа зарядланган зарраларни назорат қилиш ва узоқ муддат давомида барқарор ҳолатда ушлаб туриш жуда қийин.

Бу муаммоларнинг барчасини, Бём ва унинг ҳамкасблари сўзларига кўра, магнит сигналини электрга ўтказиш орқали ҳал қилса бўлади. Бугун бундай вазифани фақат темир, кислород ва иттрий экзотик бирлашмасидан бўлган плёнка (қоплама) бажариши мумкин. 

Физикларнинг сўзларига кўра, бундай материал билан ишлаш жуда қийин. Бём жамоаси кутилмаганда уни алмаштира оладиган нарсани топиб, физика соҳасидан анча узоқ бўлган икки ихтирони бирлаштирди.

Улардан энг муҳими 1990-йиллар бошида Жоэл Миллер томонидан ихтиро қилинган органик магнитли материалдир. Бу бирикмалардан плёнка чиқариб, Бём ва унинг жамоаси шуни аниқлашдики, уларнинг ичида магнит “тўлқинлари” пайдо бўлиши мумкин экан. Бундай квазизарралар физиклар томонидан магнонлар деб аталади ҳамда уларни бир спинли мантиқ қурилмадан бошқасига маълумот олиш ўтишда ишлатиш мумкин, бу магнитли ёки спинли компьютерларни яратишда жуда муҳим. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид