Ўзбекистонда журналист Бобомурод Абдуллаевнинг қамоққа олиниши ва узоқ вақт давом этган тергов жараёни Ўзбекистон шароити учун хос бўлмаган тарзда катта резонансни келтириб чиқарди.
У 2017 йилнинг 27 сентябрида уйидан олиб кетилган, 1 октябрь куни Юнусобод туман суди уни 10 кун муддатга ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарганди.
Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида хориж нашрларида чиқишлар қилган журналист Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси 4-қисми бўйича (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) айбланган.
Кейинроқ, октябрь ойида унинг шериклари сифатида Ҳаётхон Насриддинов, Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёров қўлга олинган.
«Усмон Ҳақназаров» тахаллуси билан сиёсий мақолалар интернет нашрларида 2003 йилдан пайдо бўлган. Муаллиф бундай мақолаларида Ўзбекистондаги коррупция ҳолати ва сиёсий репрессиялар ҳақида ёзган. Бобомурод Абдулла тахаллусида ҳам ижод этган журналист охирги йилларда қалами ўткир спорт журналисти сифатида танилганди.
Журналист ҳибсга олингач, дастлабки ҳафталардаёқ тергов жараёнида қийноқлар қўллангани ҳақидаги хабарлар юзага чиқди. Февраль ойида Human Rights Watch расмий сайтида Ўзбекистон ҳукуматидан журналистнинг қийноққа солиниши ўрганилиши сўралган мақола эълон қилинди. Унда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бошқа ташкилотлар, хусусан, Amnesty International, Freedom Now, Article 19, Freedom House, Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (The Association for Human Rights), Фуқаровий ҳуқуқлар ҳимоячилари (Civil Rights Defenders), Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (The Committee to Protect Journalists), Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти (Internation Partnership for Human Rights), Норвег Хельсинки қўмитаси (The Norwegian Helsinki Committee), Чегара билмас журналистлар (Reportes Without Borders), Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ўзбек-немис форуми (The Uzbek-German Forum for Human Rights) Ўзбекистон ҳукуматини «журналист Бобомурод Абдуллаевга нисбатан қўлланган қийноқлар юзасидан холисона ва мустақил текширув ўтказиш»га чақирди.
Февраль ойи охирида Бобомурод Абдуллаев иши бўйича март ойида суд иши бошланиши маълум қилинди. 7 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Зафар Нурматов раислиги ва халқ маслаҳатчилари иштирокида Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов, Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевга нисбатан суд иши жиноят ишлари бўйича очиқ суд мажлиси бошланди.
Очиқ тартибдаги суд мажлисида судланувчиларнинг қариндошлари ва яқинларидан ташқари, халқаро кузатувчилар, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, хорижий ахборот агентликлари ва маҳаллий нашрларнинг журналистлари иштирок этишди.


















