Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида фармони чиққанини эшитиб, матни билан танишиб, дилимизда яна умид уйғонди.

Яширмайман, ҳар бир иймонли миллат зиёлисининг бу ташкилот билан азалий ҳисоб-китоби бор: бу НКВД-КГБ-СНБ брендлари остида «фаолият» юритган ва бугун СГБга айланаётган идоранинг қўлларида Қодирий, Фитрат, Чўлпон сингари минглаб зиёлиларнинг, миллатимизнинг маънавий устозларининг қони бор. Ҳамид Сулаймон, Шайхзода, Шукрулло каби кўплаб буюк инсонларнинг аввал қамоқда, кейин уйида сиқилиб ўтган ҳаётлари, асаблари, зое ўтган умру жонлари шу идора деб қақшагани, бугун ҳам кўп зиёлиларимиз «ростдан ҳам ўзгараётганмикин ёки пештахтасидаги номини ўзгартириб, моҳияти ўшалигича қолармикин... Ҳар ҳолда жим юрганим тузук, ҳар хил хатларга имзо чекиб балога қолмай», дея қалтираб юрганликлари ҳам шу сабаблидир.

Шавкат Мирзиёевдан кутилган ва бир қадар умид ҳам уйғотган бу қадамларнинг изчил ва муқаррар бўлишида қанча авлод аждодларимиз руҳининг ниҳоят осойиш топиши ва бугунги ҳамда келгуси авлодларнинг тақдири, мамлакатнинг ва халқнинг истиқболи боғлиқдир.

Фармонда тўғри таъкидланганидек, «давлат тузилмаси ва давлат чегаралари дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оғишмай риоя этиш, жамиятдаги миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, тинчлик ва осойишталик – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг ҳамда мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим шартларидан ҳисобланади». Собиқ миллий хавфсизлик хизмати бу юқорида саналган соҳаларнинг ҳар бирини қандай «ўзига мослагани»ни биламиз-ку? «Давлат чегараси»дан қуш ҳам учиб ўтолмасди, аммо наркотрафик тинмади. «Инсон ҳуқуқларига оғишмай риоя қилиш» топшириғи инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини овлаш ва адо қилишга дўнди. «Диний бағрикенглик» тақводорларнинг бошига не кунларни солди. «Тинчлик ва осойишталик»ни таъминлаш мамлакатнинг ярми қамоқда ўтирса ҳам, тинчлик бўлса бўлди, деб тушунилди.

Миллий хавфсизлик хизматининг номи ўзгартирилганини қувватлаймиз ва тезроқ унинг мақоми, вазифалари ва ваколатлари доирасини аниқ белгилаб берувчи қонун ҳужжати яратилишини кутамиз. 

Олдиндан айтаман – коррупцияга қарши курашнинг ҳам, иқтисодий ислоҳотларнинг ҳам, маънавий камолотнинг ҳам, шу жумладан, бўлғуси давлат хавфсизлиги хизмати (ДХХ) ваколатларини (янги қарорда ҳам унга аввалгисининг деярли барча ваколатлари юкланган) яна кенгайтириб талқин этмаслиги, бир муддат қисқариб, яна аввалги ҳолига йўлланмаслиги (чунки янги раҳбарият ҳам ўзи бошқараётган жойнинг заифлашиб кетишини истамаслиги жуда ҳам табиийдир) кафолати, энг аввало, сўз эркинлиги ва мустақил суд тизими мавжуд бўлишидир. Бунинг бошқа йўли йўқ. Парламент назорат етарли бўлмайди ва депутатларни - халқ ва матбуот ҳимояси бўлмаса – осон эгиб олишади ёки айнан собиқ мансабдорларгина депутатлардир. Сайловларнинг адолатли бўлиши ҳам юрт тақдирига дахлдордир.