Технология | 09:43 / 17.03.2018
7606
2 дақиқада ўқилади

Apple 27 март куни тақдимот ўтказади

Фото: Getty Images

Apple компанияси 27 март куни Чикагода ўтадиган тақдимотига журналистларни таклиф қила бошлади. Бу ҳақда The Verge нашри журналисти Нилай Патель маълум қилди

“Ҳозиргина Apple’дан 27 мартга Чикагодаги тақдимотга таклифнома олдим! Супер. Фикримча, бу янги iPad Pro қурилмалари тақдимотига ўхшаяпти”, деб айтган Патель

Таклифга кўра, тақдимот “ўқитувчи ва ўқувчилар учун янги ижодий ғояларга” бағишланади. Журналистнинг фикрича, Apple тадбирда янги iPad Pro планшетларини тақдим қилади.

MacRumors журналистларининг фикрича эса, компания ҳамёнбоп iPad планшети, MacBook ноутбуки ва янги iPhone SE смартфонини намойиш қилади. Бу қурилмалар биринчи навбатда таълим секторига: мактаб ўқувчилари, талабалар ва ўқитувчилар учун мўлжалланган.

Яқинда Apple ҳар йили ўтказувчи WWDC (Apple Worldwide Developers Conference) анжуманининг санасини маълум қилганди. Жорий йилда тадбир Сан-Хоседа 4-8 июнь кунлари бўлиб ўтади ва унда операцион тизимларнинг янги версиялари ва бир нечта гаджетлар намойиш қилинади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид