Ўзбекистон | 13:00 / 19.03.2018
14344
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон парламенти визалар бўйича Ўзбекистон билан битимни ратификация қилди

Фото: Trend.az

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси бугун Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги фуқароларнинг визасиз сафарига оид битимни тасдиқлади.

Ҳужжатни ратификация қилишдан аввал Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Низомиддин Зоҳидий депутатларга ушбу ҳужжат Ўзбекистонда барча ички давлат жараёнларидан ўтганини маълум қилди.

Тожикистон томони, вазир ўринбосари сўзларига кўра, бундан дипломатик каналлар орқали хабардор этилган. ТР парламентининг қуйи палатаси спикери Шукуржон Зуҳуров бугуноқ Ўзбекистонни ҳужжат Тожикистонда ички давлат жараёнларидан ўтгани ҳақида хабардор этиш ҳақида топшириқ берди.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро визасиз сафарларига оид битим жорий йилнинг 9 март куни Тожикистон ва Ўзбекистон президенти Имомали Раҳмон ҳамда Шавкат Мирзиёев томонидан Душанбе шаҳрида имзоланган.

14 март куни Шавкат Мирзиёев 16 мартдан бошлаб Тожикистон фуқаролари учун келишув амал қилиши тўғрисидаги қарорга имзо чекди. Ҳужжатга кўра, икки мамлакат фуқаролари 30 кун ичида давлатлар ҳудудида визасиз бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, фуқаролар уч иш куни мобайнида тўхтаган жойида рўйхатдан ўтиши талаб қилинади. 

Аввалроқ Ўзбекистон Тожикистон фуқароларини мамлакат ҳудудига визасиз кирита бошлагани хабар берилганди.

Мавзуга оид