Ўзбекистон | 09:30 / 21.03.2018
14986
3 дақиқада ўқилади

Бухоро — Мискин янги темир йўл линиясида йўловчи поездлар ҳаракати бошланди

Фото: Халқ сўзи

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 мартдаги “Бухоро-Мискин темирйўл линиясини қуриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра бунёд этилган мазкур янги темир йўл линиясининг умумий узунлиги 355 км.ни ташкил этади. 

Унинг 335 километрида янги пўлат излар ётқизилган бўлса, 20 км масофадаги темир йўл тубдан таъмирланди. Қурилиш-монтаж жараёнлари Бухоро туманидан Мискин бекатигача бўлган оралиқда, бир вақтнинг ўзида ҳар икки томонда олиб борилди. Мазкур йўналишда 121 та сунъий иншоот, 12 та кўприк ва 6 та йўл ўтказгич қуриб битказилди. Лойиҳа доирасида 21, 2 млн кубометр ҳажмдаги тупроқ ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга ушбу йўналишда 5 та станция (Янгиобод, Тузтепа, Учачиқ, Сузакдор, Даутепа) ва шунча раъезд ( Машак, Азанир, Алабуга, Жакасай, Акчука) ҳам барпо этилди.
    
2017 йил  1 декабридан бошлаб, мазкур темир йўл линияси орқали юк поездлари қатнови йўлга қўйилган эди.

2018 йилнинг 20 мартидан бошлаб Тошкент — Урганч ва Тошкент —Нукус — Қўнғирот йўналишидаги йўловчи поездлар янги қурилган Бухоро — Мискин темир йўл линияси орқали ҳаракатланиши бошланди, деб ёзмоқда “Халқ сўзи”.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунга қадар Тошкент — Урганч поезди 1027, Тошукент-Нукус-Қўнғирот поезди 1327 километр йўл босиб “Навоий — Учқудуқ — Мискин” магистрали орқали ҳаракатланаётган бўлса, ушбу лойиҳанинг қуриб битказилиши билан поездлар қатнови қарийб 100 км.га қисқарди. Табиийки бу йўл учун кетадиган вақтни, ёнилғини ва бошқа харажатларни тежашга замин яратади.

Фото: Халқ сўзи

Энг муҳими, Тошкент шаҳридан Урганч, Хива, Нукус шаҳарларига борадиган ҳамда мазкур шаҳарлардан Тошкент шаҳрига келадиган йўловчи поездларининг ҳаракатланиш вақти қарийб 2 соатга қисқаради. Тошкент —Саратов, Тошкент — Волгоград, Алмати — Нукус, Андижон — Урганч, Нукус — Урганч — Термез поездларининг ҳам ушбу янги линия орқали қатнови йўлга қўйилади. Албатта, бу юртимизда туризимни ривожлантириш, сайёҳлар оқимининг янада ошишига замин яратади. 

Мазкур темир йўлнинг иккинчи босқичида электрлаштириш ишлари амалга оширилиб, бу йўналиш орқали электропоездлар ҳамда юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” замонавий поездлар қатнови ҳам амалга оширилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид