
Инсон қалбининг таржимони, адабиётнинг фидойиси, халқ хизматчиси, оила қўрғони, ишқнинг шайдоси. Эркин Воҳидовни яна кўп бора эътироф этсак бўлади. Халқ дардининг куйчиси бўлган шоир том маънода миллатпарвар эди. Узоқ йиллар тақдирнинг машаққатларига дош берган Эркин Воҳидов умр бўйи ўзбек элининг ташвиши билан яшади.
1936 йилнинг 28 декабрда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида, ўқитувчи оиласида туғилган шоир 2016 йил 30 май куни ёруғ оламни тарк этди. Шу йили 7 декабрь санасида чиқарилган Президент қарори билан Эркин Воҳидовнинг 80 ёшлик юбилейи мамлакатимизда кенг нишонланди.
Юбилей тадбирлари доирасида, жумладан, шоир таваллуд топган Олтиариқ туманидаги хонадонда уй-музейи ташкил этилди.


Ижодий жамоамиз Фарғона вилояти Олтиариқ туманида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов туғилиб ўсган хонадонда бўлди. Ташкил этилган уй-музейида истиқомат қилаётган шоирнинг амакиваччаси Рустам Воҳидов билан суҳбатлашдик.
Суҳбатимиз илиқ ва самимий ўтди. Кўнглимиз таскин топди. Бироқ ўзбек адабиёти дарғаси Эркин Воҳидовнинг уй-музейи билан боғлиқ бир чигал муаммо борлигини, Фарғона вилоят ҳокимлигининг мутасаддилари мазкур муаммога ҳамон сансалорлик билан ечим топмаётгани дилни хира қилди.
Жумладан, Рустам Воҳидов истиқомат қилиб келган хонадоннинг учта хонаси атоқли шоирнинг уй-музейи учун ажратилган бўлиб, Рустам ака, у кишининг умр йўлдоши, катта ўғли хотини ва тўрт фарзанди билан, шунингдек Рустам аканинг ҳали уйланмаган кенжа ўғли музейдан ортган учта кичик хоналарда истиқомат қилишмоқда экан.
















