Жаҳон | 10:44 / 23.03.2018
19213
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги автобус қатнови қачон йўлга қўйилиши айтилди

Фото: Asian Express Terminal

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги автобус қатнови келаси ойдан бошлаб қайта тикланади, дея хабар берди «Asian Express Terminal» транспорт компанияси раҳбари Султон Камолов 22 март куни.

Унинг сўзларига кўра, автобуслар Душанбедан Денов ва Термизга, Панжикентдан Самарқандга ва Хўжанддан Тошкент ҳамда Фарғонага йўл олади. Бироқ, ҳозирча тожик ва ўзбек транспорт ходимлари шаҳарлараро автобуслар бўйича тарифларни келишиб олмади.

«Биз тарифлар бўйича келишишимиз керак, чунки ўзбек компаниялари ҳам ушбу йўналишда йўловчиларни ташийди. Яқин кунларда бизнинг компаниямиз делегацияси Тошкентга ташриф буюради ва умид қиламанки, биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан шаҳарлараро автобусларда қатнов учун тариф тўғрисида якуний келишув тузамиз», - деди Султон Камолов. 

Шунингдек, унинг хабар қилишича, «Asian Express Terminal» Тошкент билан «Ўзавтосаноат» томонидан ишлаб чиқарилган 200та автобусни сотиб олиш бўйича шартнома имзолади. «Яқинда Душанбега автобуслар колоннаси етиб келади», - дейди «Asian Express Terminal» компанияси раҳбари.

Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара қўшинлари бош бошқармаси матбуот котиби Муҳаммаджон Улуғхўжаевнинг 22 март куни маълум қилишича, автобуслар йўловчиларида давлат чегарасини кесиб ўтишда ҳеч қандай муаммолар бўлмайди. Унинг сўзларига кўра, назорат ўтказиш пункти ҳудудида йўловчилар автобусдан чиқишади ва чегара ҳамда божхона назоратидан ўтгач, сафарларини давом эттиради.

Ўзбекистон ва Тожикистон шаҳарлари ўртасида автобус қатнови ва мунтазам авиарейслар Тожикистонда фуқаролик уруши бошланганидан сўнг, 1992 йилда тўхтатилган. Ўтган йилнинг апрель ойидан бошлаб Душанбе ва Тошкент ўртасида 25 йиллик танаффусдан кейин ҳаво қатнови очилди.

Мавзуга оид