Ўзбекистон Республикаси президенти «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра 2018 йил 1 июлдан тижорат банклари: 

дастлабки рухсатларсиз ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз мижозларга бевосита хизмат кўрсатиш ҳудудига тўсқинликсиз кириш; 

мижозларни дастлабки қабул қилиш маъмурият ходимларидан кўрсатилаётган банк хизматлари тўғрисида дастлабки маслаҳатларни олиш; 

кредит (микроқарз) бериш тўғрисидаги қарорни қабул қилишнинг босқичма-босқич жараёнини ва кредит (микроқарз) бериш тўғрисида хабардор қилиш ёки уни беришни асосли рад этиш тартибини кўрсатган ҳолда кредит буюртмаларини шаффофлик асосида рўйхатдан ўтказиш ва кўриб чиқиш учун шароитларни яратиши зарур.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки: 

а) 2018 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний шахслар томонидан халқаро тўлов карталарига сотиб олинган хорижий валютани тижорат банклари томонидан белгиланган лимитлар доирасида нақд шаклда ечиб олиш механизмини жорий этади; 

б) 2018 йил 1 апрелга қадар тижорат банклари билан биргаликда хорижий валютанинг олди-сотди операцияларини амалга ошириш ва халқаро тўлов карталаридан пул маблағларини хорижий ва миллий валютадаги муддатли омонатларга ўтказишни таъминловчи жисмоний шахсларнинг ҳисобварақларини масофадан туриб бошқариш тизимини жорий этади; 

в) 2018 йил 1 майга қадар: 

Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатлар амалга оширилишида тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди; 

тижорат банкларига микроқарзлар ажратиш ҳуқуқи берилишини назарда тутувчи қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади; 

банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари кредит ташкилотлари томонидан бузилган тақдирда уларга нисбатан Марказий банк томонидан санкциялар қўлланилиши юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимчалар киритади; 

потенциал қарз олувчининг кредитга лаёқатлилик даражасини баҳолаш ҳамда жисмоний шахсларга ва кичик тадбиркорлик субъектларига кредитлар (микроқарзлар) ажратиш муддатларини қисқартириш имконини берувчи тижорат банклари томонидан ўз скоринг моделини яратиш имконига эга бўлган кредит бюросида скоринг моделини мавжудлиги бўйича талаб ўрнатилишини назарда тутувчи низомни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;