Ўзбекистон Республикаси президенти «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон банклари ассоциациясига банк хизматлари оммабоплигини ошириш ва банк фаолиятини такомиллаштиришдаги ролини кучайтиришга қаратилган, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш тавсия этилди: 

Ўзбекистон банклари ассоциацияси фаолияти самарадорлигини янада ошириш Концепциясини тасдиқлаш; 

банк тизими ходимларининг касбий маҳоратини ошириш, илғор халқаро тажрибадан келиб чиқиб хорижий банклар билан тажриба алмашишни йўлга қўйиш; 

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш юзасидан тадбирларни амалга ошириш; 

банк хизматлари оммабоплигининг долзарб муаммолари, халқаро тажрибани ўрганиш ва уни республика банк хизматлари бозорида қўллаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, банклар ва уларнинг мижозлари учун ахборот-таҳлилий ва консалтинг хизматларини ташкил этиш юзасидан мавзуга оид изланишлар олиб бориш; 

масофавий банк хизматлари кўрсатишни ривожлантириш бўйича замонавий ва илғор банк хизматларини амалиётда рўёбга чиқариш ташаббусларини илгари суриш, янги ахборот технологияларини жорий этиш; 

банк хизматларининг янги турлари ва маҳсулотларини аниқлаш ҳамда уларни кейинчалик республика банкларида татбиқ этиш мақсадида илғор чет эл банкларининг фаолиятини ўрганиш.