Ўзбекистон | 00:30 / 24.03.2018
35965
2 дақиқада ўқилади

Президент ОАВга: «Мақтаманг! Томорқа бўйича бор ҳақиқатни кўрсатиб, ёмон бўлса танқид қилинглар»

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 март куни қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлигига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Давлат раҳбари йиғилишда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш борасида қилинаётган ишларни Марказий ва ҳудудий телевидение, ОАВ орқали мунтазам ёритиб бориш зарурлигини билдирди.

«Телевидение томорқадан фойдаланиш бўйича ҳар куни 2 соатдан кўрсатувлар тайёрлайди. Олиб борилаётган ишларнинг яхши ва ёмон томонларини кўрсатинглар», деди президент.

«Kun.uz» мухбири хабар беришича, Президент миллий телерадиокампания (Хўжаев), миллий ахборот агентлиги (Кўчимов)га оммавий ахборот воситалари орқали «Томорқа қўшимча даромад манбаи» шиорини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш, томорқа ерларидан фойдаланиш самарасини кенг тушунтириш бўйича кенг қамровли тарғибот тадбирларини ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб берди.

Сенат раиси ва маҳаллий Кенгашлар билан биргаликда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш борасидаги ишларини жойларда ташкил этилишини фақат мақтов билан эмас, балки борича ёритилиши кераклиги айтилди.     

«Мақтаманглар. Мақтайдиган даврлар ўтиб бўлган. Раислар билан бирга юриб, борини кўрсатиш керак. Ёмон бўлса, қаттиқ танқид қилинглар»,- дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид