Жаҳон | 00:59 / 26.03.2018
15307
2 дақиқада ўқилади

Кемероводаги ёнғинда 7 киши ҳалок бўлди, 35 киши бедарак йўқолди

Фото: Россия ФВВ

Охирги маълумотларга кўра, 25 март куни Россиянинг Кемерово шаҳри марказида жойлашган “Зимняя вишня” савдо марказида чиққан ёнғинда 7 киши – 3 аёл, 2 эркак ва 2 ёш бола ҳалок бўлди. Шунингдек, 35 киши бедарак йўқолган, деб ҳисобланмоқда.  

Савдо марказидаги ёнғин маҳаллий вақт билан соат 16:00да бошланган. Маълум қилинишича, дастлаб ёнғин марказнинг охирги – 4-қаватидаги кинозаллардан бирида бошлангани, сўнгра олов бошқа қаватларга тарқалгани маълум қилинган. Воқеа жойида ишлаётган қутқарувчилар марказ биноси қулаши ва қўшни бинога шикаст етказиши мумкинлигидан хавотирланиб, у бинодаги одамларни ҳам эвакуация қилишган.

Бироқ охирги маълумотларга кўра, ёнғин болалар майдончасидаги батутали бассейнда бошланган бўлиши мумкин. У ерда кимдир поролонли тўлдиргични ёндирган. Ёнғин сигнализацияси ишламаган. Оқибатда чиқиш жойларидан кесилиб қолган баъзи одамлар ойналардан сакрашларига ёки томга чиқишларига тўғри келган. 

Шаҳар шифохоналарига 30 нафар жароҳатланган етказилган. 

Шунингдек, марказнинг 3-қаватида контактли ҳайвонот боғи бўлган. Тахмин қилинишича, у ердаги 25 турдаги 200 жонзот ҳам нобуд бўлган. 

Россия тергов қўмитаси ёнғин юзасидан 3 та модда: эҳтиётсизлик туфайли ўлим етказиш, ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилиши, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш моддалари бўйича жиноий иш қўзғатган. 

Мавзуга оид