Буюк Британия ҳудудида россиялик собиқ жосус Сергей Скрипаль заҳарланишига жавобан 60 нафар россиялик дипломатни ўз ҳудудидан чиқариб юборишини маълум қилган АҚШ россиялик дипломатларга мамлакатни тарк этиш учун бир ҳафта муҳлат берди. Бу ҳақда Оқ уй расмийси маълум қилмоқда.

«Уларда 7 кун вақт бор», деган у Россия дипломатлари АҚШни қанча вақт ичида тарк этиши кераклиги ҳақида сўралган саволга жавобан.

АҚШ шунингдек, Россиянинг Сиэтл шаҳридаги бош консулхонаси ёпилишини маълум қилди.

Бундан аввалроқ, АҚШ, Украина ва Европа Иттифоқининг 14 давлати Буюк Британияга бирдамлик сифатида россиялик дипломатларни ўз ҳудудларидан чиқариб юборишини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди.