Жаҳон | 14:34 / 27.03.2018
4307
2 дақиқада ўқилади

Туркия Ироқда Бағдод розилигисиз амалиёт бошламасликка ваъда берди

Бинали Йилдирим/Фото: AFP

Туркия бош вазири Бинали Йилдирим ироқлик ҳамкасби Ҳайдар ал-Ободий билан суҳбатда Туркия Ироқда Бағдод розилигисиз ҳарбий амалиёт бошламаслигига ваъда берди. Бу ҳақда ал-Ободий матбуот хизмати баёнотида маълум қилинди.

26 мартда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған агар Ироқ мустақил равишда Синжар шаҳрини Курдистон ишчи партияси аъзоларидан тозалай олмаса, Анқара буни қилиш учун барчасига тайёрлигини айтган. Аввалроқ Эрдўған Ироқ ҳукумати Курдистон ишчи партияси отрядларини ҳайдай олмаса, Синжарга қарши қўққисдан амалиёт бошлаш билан таҳдид қилган.

Баёнотга кўра, Йилдирим “Ироқ ва Туркия ҳукуматлари ўртасида Ироқ ҳудудида Курдистон ишчи партияси жангариларига қарши амалиёт ўтказиш бўйича келишув йўқлигини” тасдиқлаган. “Биз шуни айтмоқчийдикки, Ироқ ҳукумати розилигисиз бирор бир амалиёт ўтказмаймиз ва улар билан бу борада келишиб олганимизни назарда тутмаганмиз”, деб айтган Йилдирим.

Ўз навбатида, ал-Ободий чегара Ироқ кучлари назоратида эканлигини ва Бағдод Ироқ ҳудудидан Туркияга бирор-бир жангари ўтишига қарши эканлигини айтган.

Йилдирим, шунингдек, Ироқни террорчилик гуруҳлари устидан ғалаба қилгани ва мамлакат шимолидаги Ирбил ва Сулаймонияда аэропортлар очилгани билан табриклаган ҳамда Туркия Ироқ Курдистони билан авиаалоқани тиклаш ҳақидаги қарорни тасдиқлаганини қўшимча қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид