Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги Фармони ва «Обод қишлоқ» дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига шарҳ эълон қилинди.
Энг аввало, республикамиз аҳолисининг салкам ярмиси қишлоқ ҳудудларда яшаб келаётганлиги ҳамда уларнинг фидокорона меҳнати, деҳқон, фермер, чорвадор ва миришкорларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида дастурхонимиз мўл-кўл бўлаётгани «Обод қишлоқ» дастурининг қабул қилинишида асосий омил бўлганлигини таъкидлаб ўтиш зарур.
Сўнгги йилларда вилоят ва туманлар марказларида ободонлаштириш ва марказий кўчаларнинг меъморий қиёфасини янгилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Қишлоқ аҳолиси учун янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қурилаётгани, хусусан 2017 йилда қишлоқ жойларда18 мингдан ортиқ оила учун ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасига эга шинам уйлар барпо этилгани шулар жумласидан.
Аммо ташрифлар давомида олис ва чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолидан келиб тушаётган ҳаққоний эътирозлар ва мурожаатлар шундан далолат берадики, аҳолининг уй-жой ва маиший шароитларини яратиш борасида айрим муаммолар сақланиб қолмоқда.
Жумладан, маҳаллий ҳокимликлар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари раҳбарларининг масъулиятсизлиги оқибатида уй-жой фонди йиллар давомида таъмирланмасдан, том қисмлари ва ташқи қиёфаси мутлақо талабга жавоб бермайдиган аҳволга келиб қолган.
Бундан ташқари, қишлоқ аҳоли пунктларида электр тармоқлари ва трансформаторлардаги авариялар электр таъминоти тармоқларида кўплаб узилишларни келтириб чиқармоқда, шунингдек, суюлтирилган газ баллонларининг етишмаслиги кузатилмоқда.
Кейинги долзарб муаммолардан бири шуки, ҳудудларда автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ишлари сифатсиз олиб борилмоқда, ичимлик суви қувурлари ва иншоотлари яроқсиз аҳволга келиб қолган ҳамда оқова иншоотлари санитария талабларига жавоб бермайди.
Яна шуни таъкидлаш зарурки, аҳолининг айрим қисми шундай аҳволга кўниккани, боқимандалик кайфиятига берилгани натижасида ўзининг уй-жойи, ҳовлиси ва томорқасини сақлашга эътибор қаратмай қўйган.
Мазкур ишлар сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмиталари ва Ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўғинлари эътиборидан четда қолгани юқорида қайд этилган муаммо ва камчиликларнинг асосини ташкил этади.
Шу билан бирга, жойлардаги фаоллар ташаббуси билан эмас, балки ҳудудларда анъанавий бўлиб қолган ҳашарларни фақатгина «хўжа кўрсин» учун байрам кунларига яқин саналарда юзаки ўтказиш одат тусига айланиб қолмоқда.








