Ўзбекистон | 14:20 / 02.04.2018
8567
2 дақиқада ўқилади

Кемерово воқеасидан сўнг Тошкентда ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар кўпайтирилди

Фото: ИИББ

Пойтахт кўнгилочар-савдо мажмуаларида амалий машғулотлар давом этмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар тарқатди.

Манбага кўра, 1 апрель куни пойтахтда жойлашган MEGA PLANET ва VEGA CENTRE кўнгилочар ва савдо мажмуаларида Тошкент шаҳар ИИББ ЁХБ, ФВБ, «Ўздавэнергоназорат» Тошкент шаҳар бўлими, Газ авария хизмати ҳамда Тошкент шаҳар ССБ тез тиббий ёрдам станцияси ходимлари ҳамкорлигида фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракатланиш кўникмаларига бағишланган амалий машғулотлар ўтказилди.

Фото: ИИББ 

Машғулотлар давомида мажмуа ходимлари ёнғин келиб чиққанда уни бартараф этиш, фуқароларни эвакуация қилиш, жабрланганларга биринчи ёрдамни кўрсатиш машқларини бевосита мутахассислар билан биргаликда бажаришди. Алоҳида эътибор фуқаролар билан ишлашга қаратилди: ёнғин юз берганда саросимага тушмасдан, болалар ва катталарни бинодан ташқарига олиб чиқиш йўллари кўрсатиб берилди.

Фото: ИИББ 

Бундан ташқари, машғулот доирасида ушбу бинолардаги ёнғинга қарши хавфсизлик тизимлари, эвакуация режалари, ёнғин ўчириш воситалари ҳолатининг созлиги, захира чиқиш йўллари ва кўрсаткичларининг мавжудлиги текширувдан ўтказилди.

Фото: ИИББ 

Эслатиб ўтамиз, 25 март куни Россиянинг Кемерово шаҳрида «Зимняя вишня» савдо марказида ёнғин рўй бериши оқибатида 64 киши ҳалок бўлди, юзга яқин киши жароҳатланди. Бино ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермагани аниқланди, ушбу ҳодиса юзасидан очилган жиноят иши доирасида 10га яқин киши қўлга олинган.

Мавзуга оид