DW хабарига кўра, ушбу йўналиш ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувда белгиланган. Ҳужжатнинг айрим саҳифаларини 28 октябр куни АҚШнинг Fox News телеканали эълон қилган.

Келишувга биноан, эвакуациядан сўнг Украина назоратидаги ҳудудга боришни хоҳлаганлар аввал Россиянинг Анапа шаҳрига олиб борилади. Кейин улар Россия Мудофаа вазирлиги самолётида Гомелга етказилади ва у ердан Украинага ўтказилади.

Эвакуация қилинаётганларга кимлар ҳамроҳ бўлади?

Аҳолига Украина инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец, унинг идорасидан икки нафар вакил ва икки украиналик журналист ҳамроҳ бўлади.

Улар билан бирга Беларусга Россия омбудсмани Яна Лантратованинг вакиллари ҳамда гуманитар миссияни мувофиқлаштирувчи гуруҳ аъзолари ҳам боради.

28 октябр тонгида Украина ва Россия омбудсманлари сулҳ бошланганидан буён ўтган 30 соат давомида уни бузиш ҳолатлари қайд этилмаганини маълум қилган.

Лубинец томонлар доимий алоқада бўлиб, келишувларнинг бажарилишини мувофиқлаштираётганини билдирган. У гуманитар миссиядаги иштироки учун АҚШнинг биринчи хоними Мелания Трампга ҳам миннатдорлик изҳор қилган.

Сулҳ 1 ноябргача давом этиши белгиланган

Олешки атрофида ўт очишни тўхтатиш режими 27 октябр куни Киев вақти билан соат 03:00 да бошланган. У 1 ноябр соат 22:59 гача амал қилиши белгиланган.

Шу вақт ичида озиқ-овқат ва дори-дармон кескин етишмаётган шаҳарга гуманитар ёрдам етказиш ҳамда аҳолини эвакуация қилиш кўзда тутилган.

Save Ukraine ташкилоти бош юристи Мирослава Харченко DW билан суҳбатда одамларни олиб чиқишдан аввал шаҳарга олиб борувчи йўлларни миналардан тозалаш учун вақт керак бўлиши мумкинлигини айтган.

Россия ва Украина Олешкига мунтазам гуманитар ёрдам етказиш, сулҳ тугаганидан кейин эса Херсон вилоятининг бошқа аҳоли пунктларидан ҳам одамларни эвакуация қилишга келишган. Бундай тадбирларни Мелания Трамп кўмагида камида ойига бир марта ўтказиш назарда тутилган.

Шаҳарда икки мингга яқин киши қолмоқда