Тўрақўрғон ИЭС қачон ишга тушиши маълум бўлди
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида барпо этилаётган иссиқлик электр станциясининг ишга тушишини нафақат наманганликлар, балки Фарғона вилояти аҳолиси ҳам сабрсизлик билан кутмоқда. Чунки мазкур энергетика иншооти минтақада электр таъминотидаги муаммоларга барҳам бериш билан бирга, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш, ҳаёт фаровонлиги, турмуш маданиятининг юксалишига хизмат қилади. Кейинги пайтда одамлар орасида “Тўрақўрғон ИЭСда нима гап? ИЭС қурилиши тўхтаб қолган шекилли? ИЭС қачон ишга тушар экан?” қабилидаги саволлар кўпаймоқда.
“Ўздавэнергоназорат” инспекцияси Наманган ҳудудий бўлими инспектори Шерзод Ҳожиевнинг ЎзАга маълум қилишича, Ўзбекистон энергетика тизимини ривожлантириш йўлидаги мазкур муҳим лойиҳа бўйича бунёдкорлик ишлари изчил давом этмоқда. “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси буюртмаси асосида бунёд этилаётган мазкур станциянинг умумий лойиҳа қиймати 1 миллиард 195 миллион 870 минг АҚШ долларга тенг.
Ҳозиргача бу ерда объектгача бўлган йўл ва коммуникация тармоқлари, дирекция маъмурияти учун икки қаватли бино, ёнғин хавфсизлиги хизмати иншоотлари, соатига 120 куб метр ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган бетон заводи ва бошқа кўплаб ёрдамчи хўжалик иншоотлари қурилган. Бундан ташқари ИЭС да ишловчилар учун қурилаётган тўрт қаватли иккита турар-жой биносида пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Қурилиш-монтаж ишларига 800 ишчи ва 44 махсус техника жалб этилган.
Иссиқлик электр станцияси қурилишини инвестиция дастури асосида молиялаштириш бўйича ўтказилган тендер танловлари натижаларига кўра, лойиҳага консалтинг хизмати кўрсатиш Япониянинг “ТЭПСКО” компанияси томонидан амалга оширилади. Ушбу компания билан 18 миллион 338 минг АҚШ долларилик шартнома имзоланган. Шунингдек, халқаро тендерда Япониянинг “Mitsubihi Corporation”,”Mitsubishi Hitachi Power Systems” консорцуми бош пудратчи сифатида ғолиб деб топилди. Ушбу компания билан 749,43 миллион АҚШ долларлик шартнома имзоланган. 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб ёрдамчи пудратчи – Туркиянинг “СaIik Enerji” компанияси муҳандис-техник мутахассислари ҳам қурилиш-монтаж ишларида фаол иштирок этаётир.
Иссиқлик электр станциясининг 1-энергоблоки 2019 йилнинг декабрь ойида ишга туширилади. 2-энергоблок ва станциянинг тўлиқ ишга туширилиши 2020 йилнинг март ойига режалаштирилган.
Мавзуга оид
12:50 / 21.10.2024
Кубада миллионлаб аҳоли ИЭСдаги авария туфайли электрсиз қолмоқда
15:08 / 07.10.2024
Тўрақўрғон тумани ҳокими мактаблардаги муаммоларни ўрганмоқда
20:27 / 29.08.2024
Йирик энергетика корхоналари солиқ тўлашни кескин камайтирди
15:52 / 27.08.2024