Ўзбекистон Республикаси президенти “Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинган.

Ҳужжатда қайд этилишича, балиқчилик тармоғида ҳанузгача кўплаб камчилик ва муаммолар сақланиб қолмоқда, уларни самарали ҳал этиш ишчанлик фаоллигини ошириш, инвестицияларни жалб этиш, балиқ етиштириш учун илғор технологияларни жорий қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринларини яратиш имконини беради. 

Балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш учун шароитлар яратиш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, илмий-инновацион тадқиқотлар ва ишланмалар сифатини ошириш, уларнинг натижаларини амалиётга кенг жорий этиш мақсадида: 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимлигига суд қарори билан берилган мол-мулк ва ер участкалари, шу жумладан, сув ҳавзалари негизида “Балиқ ишлаб чиқарувчи” эркин иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда “Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗ деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди. 

Қуйидагилар “Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗнинг асосий вазифалари этиб белгиланди: 

ишлаб чиқариш, сунъий сув ҳавзаларини балиқлантиришни янада ривожлантириш ва балиқчилик хўжаликларини таъминлаш учун балиқнинг янги ва синалган турларини иқлимлаштириш орқали наслли балиқ чавоқларини яратиш; 

наслдор балиқ личинкалари етиштирувчи замонавий инкубацион цех фаолиятини ташкил этиш, балиқ чавоқларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, мавжуд балиқ чавоқларини етиштирувчи сув ҳавзаларини модернизация қилиш ва қайта таъмирлаш; 

ўз эҳтиёжи ва балиқчилик хўжаликлари учун тўла қийматли ва юқори оқсилли озуқаларни ишлаб чиқариш бўйича замонавий қувватларни яратиш орқали озуқа базасини мустаҳкамлаш, дон ва дон экинларини экиш йўли билан буғдой ва сояга бўлган ўз эҳтиёжларини қондириш; 

инновацион ва замонавий интенсив технологияларни кенг жорий қилиш, шу жумладан, қафас (садок) усулида, ёпиқ сув айланма тизими қурилмаларида балиқ етиштириш ҳамда сунъий сув ҳавзалари ҳосилдорлигини ошириш ҳисобига балиқ овлаш ҳажмларини кўпайтириш;