Жаҳон | 10:59 / 14.04.2018
13351
2 дақиқада ўқилади

Имомали Раҳмон Душанбеда қурилаётган ҳашаматли спорт мажмуасида бўлди

Фото: Тожикистон Президентининг Матбуот хизмати

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва унинг ўғли, Душанбе шаҳри мэри Рустам Раҳмон Душанбеда қурилаётган универсал-спорт мажмуасидаги қурилиш ишлари бориши билан танишдилар.

Замонавий спорт мажмуаси Умар Ҳайём номидаги маданият ва истироҳат боғи яқинида 10 гектар майдонда қад ростламоқда.

Қурилиш ишларида 2 мингга яқин одам банд бўлиб, мажмуа фойдаланишга топширилгандан кейин унда 600 дан кўпроқ одам иш билан таъминланади.

Мажмуада дунё стандартлари ҳисобга олинган ҳолда усти ёпиқ ва очиқ спорт саройлари, теннис учун стадионлар ва турли спорт майдончалари, сузиш учун катта ва кичик ўлчамли ҳавзалар, муз саройи қурилади.

Фото: Тожикистон Президентининг Матбуот хизмати

Мажмуа ҳар бирида томошабинлар учун 150 дан 3 минггача ўриндиқ бўлган турли спорт майдонлари ва залларидан иборат бўлади.

Ушбу мажмуада 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган барча ёшдагилар спорт турлари билан шуғулланишлари мумкин бўлади. 

Спорт мажмуаси ҳудудида машиналар учун ер ости автотураргоҳи кўзда тутилган.

Имомали Раҳмон қурувчиларга ишларни сифатли якунлаш бўйича кўрсатмалар берди ва оқ йўл тилади, Душанбе шаҳри ижроия идоралари раҳбариятига қурилишни қатъий назорат қилишни буюрди.

Фото: Тожикистон Президентининг Матбуот хизмати

 

Мавзуга оид