Барчага бирдек ёқиб бўлмайди. Бу ҳақиқатни қабул қилинг, қайғуга тушманг ва бошқаларга мослашишга уринманг. Lifehacker мавзуга доир тавсиялари билан бўлишди.

Ёдингизда бўлсин, оғриқни ҳис қилиш — нормал ҳолат

Қандай муносабатлар бўлмасин, инсоннинг рад этилиши унга салбий таъсир кўрсатади: бу хоҳ дўстлик, хоҳ романтик муносабатлар ва хоҳ ҳамкасблар билан муносабатлар бўлсин. Қачонлардир бундай реакция омон қолиш учун зарур бўлган. Одамзот қабилаларда яшаган даврларда жамият томонидан рад этилиш ёки қувилиш деярли ўлимга тенглаштирилар эди. Шу боис кимдир бизни рад этганида миямизда шу қадар кучли кимёвий реакция рўй берадики, бу жисмоний оғриққача сабаб бўлади.

Шундан сўнг биз бир неча босқичдан ўтамиз. Дастлаб ўзимизни айблаймиз. Ўзимизни кимнидир хафа қилгандек ҳис қиламиз. Кейин эса камситилиш ва уятни ҳис қиламиз, ўзимизнинг заифлигимизни англаймиз. Яна бир бор у инсоннинг мойиллигини уйғотишга ҳаракат қиламиз. "Унга ёқишни истаганимиз учун эмас, - дея изоҳлайди психотерапевт Шон Гровер, - шунчаки кимдир бизни ёқтирмаётганини ҳис қилиш ёқимсиз". Охир-оқибат ўзимизни омадсиз инсондек ҳис қиламиз.

Фото: pixabay

Бу ёқимсиз ҳис-туйғулар, албатта, бироқ мутлақо нормал ҳолат. Асосийси, диққатингизни унга жамламанг ва йўлингизда давом этинг.

Барчасида ўзингизни айбламанг

Бошқа бировларнинг сизни ёқтирмаслигини очиқдан-очиқ билдириши кўпчиликнинг ўзига бўлган ишончини пасайтиради. Бироқ шуни унутмангки, одамларнинг хатти-ҳаракатлари одатда уларнинг шахсий муаммолари ва тажрибалари билан боғлиқ. Гап сизда ҳам, бошқа одамда ҳам эмас, иккалангизда.

Шунчаки ҳаётнинг айни палласида бу инсон сизга тўғри келмаган, холос.

Боз устига, бошқа бир одамнинг мойиллиги кўпинча англанмаган ҳолатда бўлса-да, унга келтирадиган фойдангизга боғлиқ. "Бу жониворларда ҳам кузатилади, - деди Дьюк Университетининг ҳайвонлар хатти-ҳаракатлари тадқиқотчиси Женнифер Вердолин. - Улар мавқе, хулқ-атвор ёки генетик алоқаларга кўра ўзларига ўхшаш жониворлар билан вақт ўтказишни афзал кўришади".