Маълумки юртимизда ҳунармандчилик қадимдан тараққий топган, турли бежирим буюмлар яратиш, кундалик ҳаётда асқатадиган жиҳозлар тайёрлаш, шу орқали ўз меҳнати билан одамларга наф келтириш қадрият даражасига кўтарилган. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқариладиган буюмлар ва товарлар (ишлар, хизматлар) йўналишлари 25тадан 34тага етди. Ҳозирда улар ички ва ташқи бозор учун маҳсулотлар ишлаб чиқаришмоқда. Бу маҳсулотлар ўзининг сифати, бадиий жиҳатдан юксаклиги, табиийлиги ва миллий ўзлигимиз, тарихий анъаналаримизни ўзида уйғунлаштиргани билан ҳам аҳамиятлидир.

 

Жаҳон билан ҳамнафас

Ҳозирги кунда ҳунармандчилик маҳсулотларини четга экспорт қилиш ва ҳунармандлар фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида 2018 йилда дунёнинг 20дан ортиқ давлатида (Германия, Швейцария, Россия, Италия, Англия, Корея, Малайзия, Озарбойжон, Латвия, Финляндия, Ҳиндистон, Франция, Греция, Туркманистон, Эрон, АҚШ, Украина, Туркия, Хитой, Испания) 113та кўргазма ва ярмарка ўтиши режалаштирилган.

ПФ-3393 - сонли Қарорнинг 5-бандида Ўз.ССП, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳунармандчилик маҳсулотларини узоқдаги туман (шаҳар)лардан сотиб олиш ва келгусида йирик шаҳарларда сотиш ҳамда экспорт қилиш учун “Ҳунарманд” уюшмаси ҳузурида савдо-харид корхоналари ташкил этиш вазифаси қўйилган.

 

Уюшма таъсисчилигида “Сraft and art” МЧЖ ташкил этилган бўлиб, мазкур корхона келгусида Республиканинг туристик объектлари, диққатга сазовор жойлари, ҳудудлардаги ҳунармандчилик марказларида ҳамда бир қатор бозорларда “Арт салон”лар яъни амалий ва тасвирий санъат асарларининг савдо харид ишлари билан шуғулланувчи дўконлар ташкил қилишни режалаштирган. Бундан ташқари корхона чет эл ваколатхоналари, галереялар ва туристик фирмалар билан ҳамкорликда иш олиб бориш, чет элларда ўз филиалларини очиш ҳуқуқига хам эгадир.