Kun.uz Телеграм-каналида Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи ота-оналардан бирининг қуйидаги мазмундаги мурожаати эълон қилинган эди:
«Икки қизим ва бир ўғлим шаҳардаги 12-мактабда ўқишади. Мактабнинг ремонтига давлат пул ажратадими-йўқми? Ўқувчиларга «20.000 сўмдан ремонтга пул олиб келинглар», деб айтишибди мактабдан. Шунда мен уч фарзандимга 60.000 сўм беришим керак. Шу масалани ечиб беришингизни сўрайман».
Биз ушбу мурожаатни йўллаган ота билан гаплашдик, у Телеграм-каналда берилган маълумотни яна бир бор тасдиқлади.
Мурожаат каналда эълон қилингач, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдириб, Халқ таълими вазирлигига хат жўнатган.
Ушбу ҳолат юзасидан «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қонунчиликнинг қуйидаги талаблари ҳақидаги маълумотларни етказишни лозим, деб ҳисоблайди», дейилади хатда ва қуйидаги талабларни санаб ўтади:
«Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасига мувофиқ, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги ва бепул умумий таълим давлат томонидан кафолатланиши белгиланган.
Иккинчидан, «Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасида жинси, тили, ёши, ирқий, миллий мансублиги, эътиқоди, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, хизмат тури, ижтимоий мавқеи, турар жойи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча вақт яшаётганидан қатъи назар, ҳар кимга билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланиши белгиланган.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ–3242-cон қарорига мувофиқ, Молия вазирлиги ҳузуридаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси ва Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган.
Мазкур жамғарманинг асосий вазифаларидан бири умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларни, шу жумладан, идоравий бўйсунувдаги, қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, жумладан, зарур ҳолларда ўқув корпусларини ўқув устахоналари ва лабораториялар билан кенгайтириш, спорт заллари ва майдончаларни ҳамда бошқа инфраструктура объектларини барпо этиш бўйича ишларни молиялаштириш ҳисобланади.















