DW хабарига кўра, Запорижжя вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари вазифасини бажарувчи Михаил Семикин ҳужум турар жойлар ҳудудига қаратилганини билдирган. Зарбалaрдан бири мактабдан ташқари таълим муассасаси яқинига тушган.
Вилоят мудофаа кенгаши раҳбари Иван Федоровнинг маълум қилишича, бир нечта кўп қаватли турар жойнинг ташқи деворлари шикастланган.
Россия дронларининг ҳужумлари Украинанинг бошқа ҳудудларида ҳам қурбонлар ва вайронагарчиликларга сабаб бўлган.
8 октябр куни кечқурун реактив дрон Ивано-Франковск шаҳрига ҳужум қилган. Шаҳар мэри Руслан Марцинковнинг айтишича, дрон парчалари тушиши оқибатида хўжалик биносида ёнғин чиққан ва уни қўриқлаётган қоровул ҳалок бўлган.
Одесса вилоятида эса реактив дронлар зарбасидан сўнг иккита турар жой, газ компрессор станциясининг маъмурий биноси ва порт инфратузилмаси ҳудудида ёнғинлар юз берган. Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизматининг вилоят бошқармаси дастлабки маълумотларига кўра, беш киши жабрланган.
Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари Россия 8 октябр соат 18:00 дан бошлаб жами 136 та учувчисиз аппарат қўллаганини билдирган. Улар орасида Shahed ва «Гербера» ҳужумкор дронлари ҳамда «Пародия» аппаратлари бўлган. Жами дронларнинг 93 таси реактив Shahed турига мансуб экани айтилган.
9 октябр соат 08:00 ҳолатидаги дастлабки маълумотларга кўра, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 114 та дронни уриб туширган ёки радиоэлектрон воситалар билан ишдан чиқарган. Уларнинг 77 таси реактив Shahed дронлари бўлган.
Ҳужумни қайтаришда авиация, зенит-ракета қўшинлари, радиоэлектрон кураш ва учувчисиз тизимлар бўлинмалари, шунингдек, мобил ўт очиш гуруҳлари қатнашган.
Дронлар саккизта жойга бориб урилгани, яна еттита жойда эса уриб туширилган аппаратларнинг парчалари топилгани хабар қилинган.
Украинанинг ғарбий ҳудудларига ҳужумлар фонида Полша ҳам 8 октябр кечқурун ҳарбий самолётларини ҳавога кўтарган. Мамлакат Қуролли кучлари Оператив қўмондонлиги ердаги ҳаво ҳужумидан мудофаа ва радиолокацион разведка тизимлари юқори шайлик ҳолатига келтирилганини маълум қилган.















