Маълумки, суд мажлиси иштирокчиларига қулайликлар яратиш мақсадида 2014 йил 1 сентябрдан иқтисодий судларда суд мажлисларини видеоконференцалоқа режими орқали ўтказиш амалиётининг йўлга қўйилгани ижобий самарасини бериб келмоқда.

Видеоконференцалоқа режимини жиноят, маъмурий ва фуқаролик ишларини кўришда ҳам қўллашни йўлга қўйиш мақсадида 2017 йил 24 июнда Олий суд Пленумининг "Фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишларни кўришда суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишнинг айрим масалалари тўғрисида" қарори қабул қилинди.

Президентимизнинг 2017 йил 30 августдаги "Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ҳам барча судлар фаолиятига видеоконференция режимида ишларни кўриш тизимини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Суд мажлисларини видеоконференцалоқа тизими орқали ўтказиш - бошқа ҳудудда жойлашган суд иштирокчилари шу судга келмасдан ўзлари яшайдиган жойдаги суднинг биносида видеоконференцалоқа тизими орқали суд мажлисида иштирок этиш имкониятига эга бўлиши билан аҳамиятлидир.

Ҳозирда жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судларда суд мажлисларини видеоконференцалоқа тизими орқали ўтказиш имкониятини берувчи барча замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ўрнатилган. 

Соҳадаги бу янгилик суд процесси иштирокчиларига катта қулайлик яратди. 

Бугунги кунда бошқа вилоятдаги суд мажлисига бориш, бунинг учун сарф-харажат қилиш, ортиқча вақт йўқотиш каби ташвишлар деярли барҳам топди.

Жиноят ишлари бўйича судларда видеоконференцалоқа тизими ишга тушган кундан буён жами 55 та суд мажлиси ушбу тизим орқали кўриб чиқилди. 249 нафар суд иштирокчилари ўзлари жойлашган ҳудудлардан чиқмаган ҳолда видеоконференцалоқа орқали суд процессларида қатнашди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати.

Жумладан, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг 
2017 йил 21 апрелдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244-2 моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбланиб Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган К.Ҳамидовнинг ҳимоячиси  Х.Шомуродова маҳкумга нисбатан оғир жазо тайинлангани, судланганнинг яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳам унга тайинланган жазони енгиллаштириш масаласида илтимосномалар берганлиги тўғрисида Олий судга назорат тартибида шикоят билан мурожаат қилган.