Сирдарё вилояти азалдан ўзининг ажойиб футболчилари билан донг таратган. Бу ерда етишиб чиққан бир қатор футболчилар, кейинчалик Ўзбекистон терма жамоаси шарафини халқаро мусобақаларда ҳимоя қилган.
Ўз вақтида Игорь Шквирин, Геннадий Денисов, Тўра Шоймарданов, Медведев, Гришанков, Гали Имомов, ака-ука Гоголкин, ака-ука Давлатовлар айнан Янгиер футбол мактабида илк сабоқларини олишган. Ҳозирги кунда ҳам Ўзбекистоннинг турли клубларида тўп суриб келаётган Сардор Раҳмонов, Жавлон Мирабдуллаев, Аббос Махситалиев, Бобур Давлатов, Лутфулла Тўраев, Даврон Ҳошимов, Шоҳназар Норбеков каби бир қатор футболчилар, терма жамоа аъзоси, Россия чемпионати иштирокчиси Достон Ҳамдамов ҳам айнан Сирдарё футбол мактаби тарбияланувчилари саналишади. Қарийб 53 йиллик тарихга эга бўлиб турган клуб бугун йўқолиб кетиш арафасида. Қарийб йўқолиб кетди, дейиш ҳам мумкин.
Гап шундаки, ўтган мавсумгача ҳам «Янгиер» жамоаси Ўзбекистон биринчилигида иштирок этиб келарди. Жамоа молиявий қийинчиликларга қарамай, лигада ўрнини сақлаб қолувчи ўринлардан бирини эгаллади. Аммо янги мавсумга умид билан тайёргарликни бошлаган жамоа учун кутилмаганда барчаси тугади. Вилоятнинг футболга масъул мутасаддилари жамоани таъминлашни исташмади ва оқибатда жамоа қарз ботқоғига ботиб кетди.
Аслида Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Васийлик кенгашининг 2017 йил 25 январдаги, шунингдек 2017 йил 15 февралдаги баённомалари асосида жамоани доимий равишда таъминлаб турадиган ҳомийлар тайинланганди. Жамоа ҳисобига етарлича маблағ тушиб туриши лозим эди. Аммо ундай бўлиб чиқмади.
Жамоа ўтган мавсумни якунлаб қўйган бўлса-да, 2017 йилнинг апрель ойидан буён шартномада кўрсатилган ойлик маошлари ва мукофот пулларини футболчиларга тўлаб бера олмаган. Жамоа таъсисчиси бўлган фирма Янгиер шаҳар давлат солиқ инспекциясидан, ИИБ ва қатор хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан қарздор саналади. Мисол учун, «Республика спорт тиббиёти илмий амалий маркази» МЧЖ билан тиббий хизмат кўрсатиш шартномасига кўра, жамоа бу ташкилотга 35 миллион сўм ўтказиб бериши керак. Аммо жамоадаги молиявий ҳолат бунга йўл бермайди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Сирдарё вилояти ИИБ патруль пост хизмати билан тузилган шартнома шартлари бажарилмагани учун, ташкилот клуб устидан судга мурожаат қилган. Суд эса Сирдарё вилояти ИИБ патруль пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси фойдасига 54 млн 773 минг сўм маблағ тўлаб берилиши лозимлиги бўйича якуний қарорни чиқарган.
Аммо бу Сирдарё вилоятидаги ягона клуб муаммоси эмас. Ўрганишларимиз натижасида, ўз вақтида Олий лига ўйинларида ҳам иштирок этган вилоятнинг бош жамоаси «Гулистон» ҳам йўқолиб кетиш арафасида турган экан. Жамоа ҳам қарзга ботиб қолган ва фаолиятини аро йўлда тўхтатиб қўйган. Айни вақтда «Гулистон» жамоасининг ходимлардан, футболчиларнинг ойлигидан қарзи 90 млн сўмни, солиқлар ва жамғариб бориладиган пенсия таъминотидан жами 16 млн 786 минг сўм, умумий ҳисобда 106 млн 786 минг сўм миқдорида қарзга кириб қолган.












