Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтда ҳаво ҳароратининг пасайиши фонида иситиш мавсуми қачон ишга туширилиши юзасидан маълумот берди.

Амалдаги белгиланган тартибга кўра, марказлашган иситиш тизимини ёқиш учун ўртача суткалик ҳаво ҳарорати кетма-кет беш кун давомида +8 °C дан паст бўлиши талаб этилади. Шу билан бирга, мутасаддилар ўтган йиллардаги каби ҳақиқий об-ҳаво шароитлари инобатга олинишини, агар ҳаво кескин совиб кетса, иссиқлик узатишни бошлаш тўғрисидаги қарор кечиктирилмаслигини таъкидламоқда.

Ҳозирги кунда ҳокимлик, шаҳар хизматлари ҳамда Veolia Energy компанияси мутахассислари ҳамкорлигида тизимларни иситиш мавсумига тайёрлаш ишлари назорат остида олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда иситиш мавсуми 2025 йилда 5 ноябрда, 2024 йилда 7 ноябрда, 2023 йилда 6 ноябрда, 2022 йилда 22 октябрда, 2021 йилда 12 октябрда ва 2020 йилда 15 октябрда бошланган.