Жамият | 13:06 / 21.04.2018
19215
5 дақиқада ўқилади

Бола қотиллигида ким айбдор?

2017 йилнинг 15 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Видеоселекторда давлат раҳбарининг омма олдида халқ учун жон куйдириб сўзлаганига қарамасдан ҳали-ҳамон маҳаллаларда яшаётган аҳоли ўртасида, энг ачинарлиси оиладаги турли низо ва келишмовчиликлар сабабли қотилликлар сони тобора ортиб бормоқда.

Апрель ойининг биринчи кунидан бошлаб республикамиз ҳудудида оилалардаги зиддиятлар оқибатида ака синглисини, эр аёлини, ўғил ўз отасини, хотин эрини, ўғил она ва укасини калтаклаб ваҳшиёна ўлдирган ёки келин қайнонасининг тазйиқларидан безиб ўзини осган. Бу каби ўлим ҳолатларининг балки, қанчадан-қанчаси ОАВда эълон қилинмасдан фожиа сифатида оммадан сир тутилаётган бўлиши мумкин. Аммо булар орасида энг даҳшатлиси уч ёшга тўлмаган фарзандини бўғиб ўлдирган она номига доғ туширган аёлга нима дейиш мумкин?

Мамлакатимиз истиқболи учун наф келтирадиган мурғак қалб эгасини бевақт ўлдиришга онанинг нима хақи бор? Бутун жаҳон ҳамжамияти томонидан ўзбек миллати болажон халқ деб турган бир вақтда, аёл дунёга келтирган боласига ваҳший ўлимни раво кўрса. Онанинг фарзандини бўғиш жараёнидаги мунгли қарашлари, хаёт учун курашиб нолали ёлвориш ҳолати кўз олдига, хаёлига келмадимикан? Ҳар бир ишнинг амалга оширилишида маълум бир сабаб ва муаммолар бўлиши тайин. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам она ўз фарзандининг қотилига айланиши бу жаҳолатдир.

Биз ҳозир барча айбни аёлнинг гарданига қўйишимиз ҳам ножоиздир. Балки маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасини вақтида виждонан адо этганида аёлнинг оиласида ажрим юзага келмасмиди? Келин турмуш ўртоғининг уйидан кетмаганида норасида боланинг ҳаётига зулм қилинмасмиди? Аёл оиласидан, яқинларидан муаммоли вазиятда ёрдам кутса-да, бу масалада унга ҳеч ким кўмак бермаса. Нима қилиш керак? Инсон психологиясида баъзан муаммоли ечимларга кимдир иродасининг мустаҳкамлиги туфайли вазиятдан оқилона чиқиб кетишга харакат қилади. Яна кимдир маънавияти сустлиги ва билимсизлиги сабаб, айбни тақдирга йўйиб ваҳшийликлар, қинғир йўлларни танлашни ўзига тўғри деб билади. 
Биз аёлнинг оиласида қандай чигал вазиятлар бўлганига гувоҳ эмасмиз. Аммо яқинлари унинг жар ёқалаб кетаётганини кўра била туриб, нега унга ёрдам қўлини чўзмаганини оғриқли нуқта, деб ҳисоблайман.

Балки аёлнинг қайнонаси, ўғлига келинининг фақат камчиликларини рўкач қилиб, оилада жанжал бўлиши йўл қўймасдан, янги келин олишни эмас, аксинча, набираси тирик етим бўлмаслиги учун оилани сақлаб қолиши ҳам мумкин эдику? Ёки аксинча қизи хато қилиб оиласидан ажрашибди, она нега уни аёл боши билан кўчада қолдиришни афзал кўрмоқда.  Масаланинг яна бир томони ҳар икки оилада ҳам эркаклар бор. Нега қизнинг отаси аёлининг қатъий сўзи учун фарзандини кўчада хор бўлишига индамай жим қараб турибди, яна бири эса гўдакнинг отаси бўла туриб жуфти ҳалолини кўча-куйда уй излаб юришига эркаклик ори келмаяпти. Бу мудҳиш воқеа шундай даражада авж олишга бориб етибди, аёл омма олдида ўзини оқлаб фарзандим барибир оч ва уйсиз кўчада хор бўлиб ўлиши мумкин эди, дея андишасизларча ҳисобот бермоқда. Аммо унинг бу иши аёллик шаънига нақадар зид эканлигини, қотил она мақомини олиш разолатлигинида  англаб етмаса.

Ўзбек миллатида азалдан оилада фарзандлар тарбияси шаклланишида аёлнинг маънавияти юксак бўлиши лозимлиги, болаларга она масъул шахс ҳисобланиши борасида қанчадан-қанча кўрсатувлар тайёрланиб, халққа намойиш этилмоқда. Бу каби ҳолатларнинг ортида билимсизлик натижасида маънавиятнинг етишмаслиги, инсонийлик фазилатларининг йўқлиги, энг муҳими, биз қандай аждодларнинг вориси эканлигимизни унутиб қўяётганимиздир. Ахир эркак киши кўчанинг одами, дея бекорга айтишмаган. Сиз онасиз, аёлсиз, келинсиз миллатнинг эртанги куни шаъни ва қадр-қиммати мамлакат келажаги учун вояга етказаётган комил ёш авлод тақдири сиз азиз опа-сингилларга боғлиқлигини унутманг.

Шаҳноза Тожиддинова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси

Мавзуга оид