Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарорнинг кириш қисмида ер участкаларини бериш тартиб-таомиллари ношаффоф ва бюрократиялаштирилган бўлиб қолмоқда, бу эса тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳудудларнинг замонавий меъморий қиёфасини яратишда ерлардан самарали фойдаланишга тўсқинлик қилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига келиб тушаётган ер участкаларини беришдаги ҳуқуқбузарликлар ёки уларни асоссиз олиб қўйиш билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар ер участкаларини беришнинг танлов тартиби лозим даражада йўлга қўйилмаганлигини кўрсатмоқда.
Ваколатли органлар фаолиятида ер участкаларини бериш бўйича материалларни кўриб чиқиш ва келишишда ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан тўлиқ ҳажмда фойдаланиш таъминланмаяпти, бу эса рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни расмийлаштириш муддатларининг чўзилишига ва бюрократик тўсиқларга сабаб бўлмоқда.
Кўпчилик аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режалари ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, эскирган ва замонавий талабларга жавоб бермайдиган шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари комплекс қуриш талабларига риоя этилмаслигига ва аҳоли пунктларининг меъморий қиёфаси ёмонлашувига олиб келмоқда, дея таъкидланади.
Қарорга кўра, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини бериш механизмларини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлардаги бюрократик тартиб-таомиллар ва тўсиқларни қисқартириш мақсадида:
2018 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб белгиланмоқдаки, унга кўра:
- юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилади;
- ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш фақат замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда амалга оширилади.
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда қонун ҳужжатлари нормаларини ва амалиётда уларни қўллашдаги мавжуд муаммоларни танқидий таҳлил қилиш асосида юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бирхиллаштириш бўйича қарор қабул қилади.















