Матбуотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги «Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3655-сон қарори эълон қилинди.
Қарорга кўра жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маоши ўртача 25 фоизга ошади. Албатта, бу олий ўқув юртларининг (ОЎЮ) профессор-ўқитувчилари учун ниҳоятда қувончли хабар. Ислоҳотлардан аввал мактаб таълими ва олий таълим энг хароб ҳолга келган эди. Ажабмас, бу «сийлаш» олий таълимнинг ривожланиши учун биринчи туртки бўлса.
Мен олий ўқув юртини тугатганимдан буён шу соҳада ишлайман. Шунинг учун кўрган-кечирганларимга ва билганларимга таяниб, баъзи фикрларни айтишни лозим топдим.
Жамиятнинг ҳамма соҳасида бўлганидек, ОЎЮда ҳам малакали ўқитувчилар етишмайди. Бу масала бўйича аҳволни биринчи бўлиб ОЎЮда тузатиш керак. Чунки айнан ОЎЮ қолган барча соҳаларга мутахассис тайёрлаб беради. ОЎЮ профессор-ўқитувчиларининг бир қисми саводли, бир қисми саводсиз, яна бир қисми эса порахўр. Ҳозир ҳамманинг ойлиги бир хил кўтарилса, яна буларнинг орасида фарқ қолмайди. Тўғрисини тан олиш керак, айрим саводсизлар учун ҳозир тўланаётган маош ҳам кўп. Энди маошлар оширилгандан кейин, саводсизнинг саводи чиқиб, порахўр чўнтагини тикиб ташлайдими? Албатта йўқ! Чунки, ҳозиргача ҳам пора олмаслик тўғрисида тарғибот, ташвиқот, қўрқитиш, ҳатто «пора олмайман» деб қоғоз ёзиб бериш (ёздириб олиш) доим бўлди. Лекин уларнинг фойдаси сезиларли бўлгани йўқ.
Имтиҳонларни компьютерга ўтказиб, порахўрларни камайтириш усулининг яхши томонидан кўра, ёмон томони кўпроқ. Бу ҳам етарли даражада синовдан ўтди. Албатта, кимлар пора олишини ОЎЮнинг талабалари ва раҳбарлари яхши билади. Лекин улар кўриб, эшитиб, билиб турса ҳам ҳеч нима қила олмайди. Фақат жараёндан узоқ бўлган миллий хавфсизлик ва департамент ҳар йили битта-иккита порахўрни ушлаб кетади, холос.
Нима учун юқорида айтганимдай, жараённинг ичида бўлган ва буни кўриб турган раҳбарлар ўз «уйини» тозалай олмайди? Бунинг сабаби, порахўр ва саводсиз ўқитувчиларда ўзини ҳимоя қилиш инстинкти шаклланган. Улар раҳбарларнинг нозик жойини топиб, «думини хуржунга солиб» қўйишади. Агар раҳбар унинг порахўрлигини рўкач қилса, у «думни хуржундан чиқаради». Баъзи раҳбарларнинг эса қурби етмайди.
Иккинчидан, саводсизлар профессорларнинг, доцентларнинг, фан номзодларининг орасида ҳам бор. Биринчи навбатда саводли профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошини қолганларга қараганда кескин ошириш керак. Табиийки, қайси профессор-ўқитувчи саводли, қайси саводсиз эканлигини Олий таълим ёки Молия вазирлигида ўтирган амалдорлар билмайди. Уларнинг бу кўрсатгичини (параметрини) улар дарс ўтадиган талабалар, ҳамкасблари ва кафедра мудири билади.
















