02:22 / 01.05.2018
9211

Президентга видеомурожаат этишга сабаб бўлган болалар майдончаси бузилиши миш-миш бўлиб чиқди

Тошкент шаҳри Чилонзор тумани 8-кварталининг 2-, 3-, 4-, 5-уйларида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари ва уларнинг фарзандларининг Ўзбекистон Республикаси президентига «Болалар ўйин ва футбол майдончасини бизга қайтаришга ёрдам қилинг», деган хитоб билан қилган видеомурожаати ижтимоий тармоқларда тарқалгани ҳақида хабар берган эдик.

Мазкур манзил бўйича яшовчи аҳоли вакиллари Чилонзор тумани ҳокимлигининг буйруғига кўра, болалар майдончаси ва футбол майдонидан иборат уйларнинг ҳовлисида хусусий болалар боғчаси қурилиши ҳақидаги миш-мишлар тарқалганини эшитишган. Улар асоссиз, қуруқ гап-сўзларга ишониб, ваҳима кўтариб, барча жойларга, жумладан, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевга ҳам мурожаат қилишган.

Шу муносабат билан Чилонзор туман ҳокимлиги мутасаддилари вазиятни таҳлил қилиш ва фактлар асоссиз эканлиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб бориш учун воқеа жойига чиқишди.

Ҳокимлик вакилларининг маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатидан шу маълум бўлдики, улар ўзининг ҳокимлик вакиллари дея таништирган аллақандай инсонларнинг сўзларига ишонишган. Улар ҳокимлик томонидан берилган, шахсини тасдиқловчи ва хусусий боғча қуришга рухсат этувчи ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмасдан ушбу ҳудудда яшовчи аҳолини чалғитган.

Ҳокимлик вакиллари яқиндагина қурилган ва топширилган болалар майдончаси ушбу ҳудудда яшовчи болалар учун атайлаб фойдаланишга топширилганини эълон қилишди. Болалар майдончаси ҳокимликнинг саъй-ҳаракатлари эвазига, ҳомийларни жалб этган ҳолда барпо этилган бўлиб, унинг ўрнига ҳеч қандай қурилиш объекти тушмайди».

Top